Қозон суди мактабга ҳужум қилганликда айбланган шахсни икки ойга ҳибсга олди
Қозон суди 175-мактабга ҳужум қилганликда айбланаётган Ильназ Галявиевни икки ойга ҳибсга олди, дея хабар бермоқда ТАСС мухбири суд залидан.
"Айбланувчига нисбатан икки ойлик муддатга, 2021 йил 11 июлига қадар ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллансин", деб эълон қилди судья.
Прокурорнинг сўзларига кўра, Галявиев жиноятдаги айбини тўлиқ тан олди. "Унга айблов эълон қилинди ва у жиноятни содир этишда ўз айбини тўлиқ тан олди", деди прокурор.
Татаристон Республикаси прокурорининг ўринбосари Алексей Заика суд мажлисида Галявиевнинг ақл-идрокини аниқлайдиган экспертиза камида икки ой давом этишини айтди. "Агар зарур бўлса, икки ойни узайтириш мумкин", деди у экспертиза муддати ҳақидаги саволга жавоб бериб.
Заиканинг таъкидлашича, ҳозирда айбланувчининг психотроп моддаларни ишлатган-ишлатмагани тўғрисида эксперт хулосаси йўқ.
Суд Галявиевга нисбатан эҳтиёт чорасини тайинлаш пайтида оммавий ахборот воситаларининг суддаги иштирокига рухсат берди. Айбланувчи бунга қарши бўлмади. Суд бошланишидан олдин журналистлар унга саволлар беришга уринишди, аммо у уларнинг ҳеч бирига жавоб бермади.