Қурилишга рухсат олишда тадбиркорларнинг харажатлари қисқартирилади

Президентимизнинг 2026 йил 4 июнда “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан республиканинг барча ҳудудларида мазкур Фармонда назарда тутилган давлат хизматлари бирлаштирилиб, ягона давлат хизмати – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади.

2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш “1 та ариза – 1 тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади.

Бинонинг конструкцияси, мустаҳкамлиги ва ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган, қуввати ва мақсади ўзгармаган ҳолда шаҳарсозлик нормаларига зид бўлмаган лойиҳадаги режавий тузилиш (планировка)да ўзгаришлар мавжуд бўлганда:

- ушбу бино лойиҳасини шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказишда лойиҳа ҳужжатларини ҳудудий кенгашлар билан қайта келишиш амалиёти бекор қилинади.

Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қўшимча 5 иш куни берилади.

2026 йил 1 сентябрдан тадбиркорлар томонидан қуриладиган кўп квартирали уй-жойлар, III ва IV тоифадаги ижтимоий соҳа, меҳмонхона, туризм, савдо ва саноат объектларида;

- бюджет ҳисобидан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган объектларда қурилиш объектларини назорат қилишда видеокузатув камераларидан фойдаланиш ҳамда қурилиши янгидан бошланадиган объектларда видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатилади.