Қурилишлар учун бўлаётган тендерлар ҳаққонийлигига ишонч кам. Бу бўйича лойиҳалар танловини ҳам ошкора ўтказиш керак
Бугун вилоят ҳокимлиги Сиёб боғи ланшафт-дизайни концепцияси учун танлов эълон қилганини кўриб, рости, қувониб кетдим. Баҳонада, вилоят ҳокимига бу борада кўнглимда тўпланиб қолган гапларимни айтишга қарор қилдим.
Қурилиш – катта сиёсат. Унинг ичида манфаатлар кураши бор. Давлат ўз фуқаролари эҳтиёжини қондириш, шаҳар ва қишлоқларнинг кўркам, обод бўлишидан манфаатдор. Аҳоли арзон, замонавий уй олишдан, ўз масканида гўзал бинолар барпо бўлишидан манфаатдор. Қурувчи эса истаймизми, йўқми, тайёр пулга ҳашаматли иморат қуришдан, шунинг эвазига даромад қилиш, аниқроғи, фойда кўришдан манфаатдор.
Афсуски, кейинги 10-15 йилда қурувчи манфаати ҳаммасидан устун келди. Инвестиция дастурлари назорати сустлигими, томошабинлик кайфиятими ёки шахсий манфаатми, ишқилиб, қурилишлар тақдири шахс омилига боғлиқ бўлиб қолди. Бу жараён оқибатларини энди сезиб, оғриниб турибмиз. Эҳ-ҳе, ҳатто ҳокимият билан ҳисоблашмайдиган қурувчилар ҳам чиқди...
Ҳайрият, давлатимиз раҳбари бу соҳага эътибор қаратди. Соҳада ислоҳотлар бошланди. Энг катта талаб - бу ошкораликни таъминлаш зарурлиги бўлди.
Бугунги танлов вилоятда қурилиш ва ободончиликда янги босқич бошлашига ишонаман. Ҳали шаҳардаги барча канал ва ариқлар соҳилларини қайта қуриш лойиҳалари танлови бўлишига ҳам ишонаман.
Лекин айни пайтда инвестиция маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган қурилишлар учун бўлаётган тендерлар ҳаққонийлигига ишончим камроқ. Негаки, улар ҳақида фақат эълон очиқ берилади. Тендер жараёни ҳақида маълумот берилмайди. Тендер комиссияси аъзолари ҳам олдинги қурувчилар сабоғида, “ибрати”да шаклланган. Эҳтимол, яқин кишилари ҳам бўлиши мумкин.
Назаримда, бу жараёнга яна кимларнидир жалб этиш йўлини қилиш керак. Иложи бўлса, тендер онлайн тарзда барчага намойиш этилса. Вилоят ҳокими лойиҳалар танловини ошкора кўраётган бир пайтда бу ишни ҳам шундай қилиш имконияти бор.
Энди барча туманларда йирик қурилишлар жойини аниқлаш, лойиҳаси учун танлов эълон қилинса яхши бўларди. Айниқса, тендер жамоатчилик иштирокида ўтказилгани маъқул. Зеро, аҳоли лойиҳаларимиздан қанчалик кўп хабардор бўлса, унинг ижросида шунчалик фаол иштирок этади.
Ҳозирча шу. Энди фидойи қурувчилар, лойиҳачилар, депутатлар, жамоатчилик бу ҳақда ўз гапини айтади, деган умиддаман.
Фармон ТОШЕВ.