Қувонч ортидаги дилхиралик ёки темирйўл вокзалидаги ноқулайлик ҳақида

Кеча эрталаб яқин қариндошларимни кутиб олиш учун Самарқанд темир йўл вокзалига чиқдим.
Ташқарида бироз кутганимдан кейин кутилган йўловчи поезди вақтида манзилга етиб келди. Меҳмоннинг 2 нафар ёш фарзанди ва оғир юклари борлиги учун, уларга ёрдам бериш мақсадимни хизмат кўрсатаётган ходимга айтдим ва киришга ижозат сўрадим.
Ходимлар очиқкўнгиллик билан ичкари томон рухсат беришди. Тўғриси, бундай муомалани кутмаганим учун, қувониб кетдим.
Афсуски йўл-йўлакай кириш ва чиқиш йўлакларида бошқа йўловчилар юкларини судраб ёки зўрға кўтариб боришаётганига гувоҳ бўлдим. Буни кўриб, бироз аввал, “Ичкарига кирсам юкларни махсус аравада олиб чиқаман”, деган фикрим нотўғрилигини билдим. Ва, шундай бўлди - юкларни елкамга орқалаб олиб чиқдим.
Бу ҳолат нафақат маҳаллий йўловчиларда, балки хорижий меҳмонларда темирйўл хизмати ва Самарқанд шаҳри ҳақида ёмон таассурот қолдиради.
Шу ўринда темирйўл вокзали маъмуриятига таклифим бор. Кириш ва чиқиш қисмидаги нуқталарда махсус юк ташийдиган аравачалар хизматини кенг йўлга қўйиш лозим. Зеро, ҳар бир майда деталл гўзал шаҳар имиджи учун хунук "ҳол" бўлиши мумкин.
Бокир Абдуллаев.