Қуйи тизим фаол ишласа самарадорлик ошади
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Самарқанд филиали масъуллари туманларда аҳолига эндокринологик хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда мониторингини олиб бориш мақсадида жойларда ўрганиш ўтказмоқда.
Жумладан, ихтисослаштирилган марказ вакили Г.Жабборова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Нуробод ва Ургут туманлари кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг бу борадаги фаолияти билан танишди.
Ўрганиш давомида мазкур ҳудудларда кўп учрайдиган эндокрин касалликлар таҳлил қилиниб, бу хасталикларнинг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, 40 ёшдан ошган аҳолини скрининг текширувларидан ўтказиш жараёнлари ва унинг натижалари, хавф гуруҳидаги аҳоли қатлами билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада маҳаллий шифкорлар, эндокринологларга амалий тавсиялар берилди. Аҳолига юқори малакали, сифатли ва узлуксиз тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш юзасидан масъул ходимлар билан фикр алмашилди.
Ургут туманидаги ўрганишлар давомида оилавий шифокорлар иштирокида “Эндокрин касалликларни ташхислаш алгоритми ва даволаш йўналиши харитаси” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
– Мазкур семинар эндокрин касалликларни эрта аниқлаш, беморларни тўғри йўналтириш, даволаш жараёнида замонавий ёндашувларни қўллаш масалаларида ҳудудлардаги тиббиёт ходимлари учун фойдали бўлди, – дейди ихтисослашган марказнинг Самарқанд филиали врачи Й.Абдурозиқова. – Туманларда аҳолига эндокринологик хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ўрганишлардан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Қуйи тизимдаги ҳамкасбларимизга қанча кўп ёрдам берсак, уларни қўллаб-қувватласак аҳоли ўртасида эндокрин касалликларни камайтириш ва эрта аниқлаб, самарали даволашга эришамиз.
Мониторинг тадбирлари бошқа туманларда ҳам ўтказилмоқда.