Расул Кушербаев: ОАВ парламент "эшиги"ни тўхтатмай тақиллатиши керак
Лекин амалда бу ҳолат деярли кузатилмаяпти.
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Навоий шаҳрида "Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик" мавзусидаги республика медиафоруми бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Канада давлатидаги ўзбек журналисти Исмат Хушев, таниқли журналист Фармон Тошев ва бошқалар бугунги кунда ОАВ олдида турган долзарб вазифалар хусусида тўхталди.
Медиафорум доирасида парламент қуйи палатаси депутати Расул Кушербаев билан ОАВ қонунчилигига доир суҳбат бўлиб ўтди.
Депутатнинг фикрича, матбуот том маънода тўртинчи ҳокимият бўлиши учун ўз ҳуқуқларини талаб қилишни ҳам билиши керак. Мисол учун, босма нашрларни давлат бюджети маблағларидан молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамон қонун йўқ. Бу борада ташаббус билан чиққан Р.Кушербаев масала доирасида қатор қийинчиликларга дуч келганини айтиб ўтди. Қонунчилик палатаси томонидан масалага жиддий эътибор қаратилмаслигининг сабабларидан бири сифатида ОАВларда бу борада чиқишлар йўқлигини қайд этди.
- Умуман, суд ва ижро ҳокимияти қатори қонун чиқарувчи ҳокимият ҳам медианинг асосий танқид нишони бўлиши зарур, - дейди Р. Кушербаев. - Чунки айни шу соҳа халқнинг овози. Керак бўлса айнан қандай қонунлар долзарб эканлигини ОАВдан билишимиз тўғри бўлади.
У ижро ҳокимиятининг қайсидир бўғини ёки тармоғи "қўли"га қараб қолган нашр, шубҳасиз, тарғибот қуролига айланиб қолишини билдирди. Бундай ОАВлар билан эса орзу қилинаётган фуқаролик жамиятини қуриб бўлмайди.
Тадбир доирасида ўзбек медиамаконининг етакчи вакиллари ҳам ОАВларни том маънодаги тўртинчи ҳокимият бўлиши учун эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлари ҳамда олдинда турган вазифалар хусусида сўз юритишди.