Рақамлаштириш коррупцияга қарши курашда “Самарқанд тажрибаси” бўлади

Вилоятда бозорлар, энергетика, солиқ, бандлик, тиббиёт, сув тақсимлаш, кўп қаватли уйларни бошқариш ҳамда йўловчи ташиш тизимлари тўлиқ рақамлаштирилмоқда.
Вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Мусурмоновнинг таъкидлашича, шу йилнинг ўтган даврида коррупция хавфи юқори бўлган соҳалар танлаб олиниб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш томонидан таҳлил қилинган. Ўрганишлар якунида солиқ, бандлик, қурилиш ва соғлиқни сақлаш тизимларида 274 нафар ходим интизомий, 20 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 35 нафари ишдан бўшатилган.
- “Sam-bozor” рақамли бозор дастури жорий қилиниб, 19 та бозорнинг фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди ва ойлик тушум 4,2 миллиард сўмдан 6,7 миллиард сўмга ошди. “Hik-Sentral” дастури орқали яширин тушумлар ҳолатига чек қўйилиб, 56 автотураргоҳда шаффофлик таъминланди, - дейди Х.Мусурмонов. - Электр соҳасида ходимлар GPS, планшет ва бодикамералар билан таъминланиб, иш жараёни реал вақтда кузатилмоқда. Бу орқали юзлаб ноқонуний ҳолатлар фош этилди. Тиббиёт соҳасида ҳам рақамлаштириш катта самара бермоқда. “Sog’lom hayot” дастурида патронаж ҳамшираларининг фаолияти геолокация орқали назорат қилинмоқда. “D-MED” ахборот тизими эса тиббиёт муассасаларида хизмат сифатини ошириб, тушумларни бир неча баробар кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Йўловчи ташиш соҳасида транспорт воситалари GPS ва сунъий интеллектга уланиб, қатнов ва тушум шаффофлиги таъминланди. Суғориш тизимида “Ақлли сув” қурилмалари орқали 1,4 миллион куб метр сув тежалди.
Солиқ ва меҳнат соҳаларидаги рақамлаштириш орқали ноқонуний тушумларнинг олди олинди, ходимлар иш самарадорлиги оширилди. Шу билан бирга, кўп қаватли уйларни бошқаришда “Шаффоф уй” дастури орқали аҳолининг тўловлари, шикоятлари ва овоз бериш жараёнлари мобил иловалар орқали амалга оширилмоқда. Жарима майдончаларида рақамли назорат тизими жорий қилиниши эса маиший коррупцияга чек қўйишда муҳим қадам бўлди.
Бу ишлар билан бирга, ҳозирги кунда 8 та йўналишда рақамлаштириш ишлари давом этмоқда, шу жумладан, ичимлик суви, пробация хизмати, чиқинди ташиш ва “Ўзэнергоинспекция” каби соҳалар қамраб олинган. Республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 7 та муҳим соҳада эса алоҳида назорат ўрнатилган.