Рақамлаштириш ва хавфсизлик: ишонч синовдан ўтяптими?
Ҳар йилги одатимга кўра, йил бошларидан барча солиқларди тўлаш учун туман солиқ инспекциясига бордим. Солиқ идорасида нақд пулда солиқларни тўласанг ўша ерда ўтирадиган идора (почта ходимлари деб таништиришган) ходимлари (адашмасам 3 фоиз) комиссия олишади.
Рақамли технологияларга шубҳам борлиги учун инспекция ходимидан пластик картамдан солиқларни тўлашда ёрдам сўрадим. Бир нечта объект учун тўлов қилиш жараёнида картамдан ўша пайтдаги нарх бўйича деярли уч йиллик солиғимга тенг миқдордаги маблағ ечилди. Ўша пайтда бунга эътибор бермагандим, солиқда ортиқча тўлов бўлиб туради, деб ўйлагандим. Яна вақт бўлиб, туман инспекциясига бориб текширтирсам, ҳисобимда бундай сумма йўқ. Хизмат кўрсатувчи банкда пластик карточкамни “оборотка”сини икки маротаба чуқурлаштирилган текшириб кўришди, маблағ солиқ тизимига ўтган, лекин ҳисобга тушмаган. Туман солиқ инспекциясида, кейин вилоят солиқ бошқармасида, натижа бўлмагач улар орқали республика Солиқ қўмитасидан ҳам текширишди. Маблағ ўрни билан йўқ.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси мурожаатимга жавобан “Сиз “Uzum Bank” иловаси орқали пул маблағи ўтмаганлиги юзасидан мурожаат қилгансиз ва бу бизнинг ваколатимизга кирмайди”, дея жавоб берди. Ваҳоланки, мен ортиқча тўлов ечилганлиги юзасидан мурожаат қилганман, уларнинг жавоби эса...
“Uzum Bank” ходимлари эса “чуқур” текширувлардан сўнг “Бизда бундай ўтказма ва ҳаттоки ўша куни иловамиз орқали умуман ўтказмаларингиз мавжуд эмас” дейишди. Ҳозир яна солиқдан қарздорлик келяпти.
Бу менга мурожаат қилган бир фуқаронинг гаплари. Рости, иш фаолиятим давомида фуқаролардан шунга ўхшаш мурожаатларни кўп эшитаман. Энди ўйлаб кўрайлик. Ҳозир барча маълумотларимиз рақамлаштириляпти, ҳаттоки нақд пулда тўловлар чекланиб, пластик картада маблағ сақлаш зарурати туғилмоқда. Лекин танганинг иккинчи томонига ҳам кимдир эътибор қаратадими?
Яқинда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари тугаб улгурмасдан маълумотлар ўғирлангани эълон қилинди. Орада мобил рақамлар хорижда сотувга чиққанлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. 2028 йилгача давом этадиган ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар ва уларда қурилган бино-иншоотлардаги хатловлар ҳам электрон базага киритилади. Кунда бўлмаса-да, орада киберфирибгарлар пластик карталардан пул ечаётгани, содда одамларнинг маълумотларини ўғирлаётгани ҳақида эшатамиз. Маълумотларимиз ҳимоясини таъминлай олмасак, нега рақамлаштиряпмиз.
Энди юқоридаги ҳолатга тўхталсак. Мутахассисларимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам рақамли пулнинг “изини” топиш мумкинлигини айтишади. Бу турли ўғирликларнинг олдини олишда қўл келишини таъкидлашади. Лекин фуқаронинг маблағи ечилганига бир йилдан ошибдики, ҳамон сарсон. Ваколатли идоралар мурожаатга тескари жавоб берса, мақталган рақамли банк ўзказма мавжуд эмас, деб турса. Ҳар бир ўтказилган маблағнинг ўтказиш рақами, қаерга ўтказилганлиги аниқ кўрсатилади. Шулар билан ҳам пул ўтказмасини аниқлай олмасак, маълумотларимизни ҳимоялай олмасак, ҳужжатларимиз, маблағларимизни рақамлаштириш кимга керак?
Ўктам Худойбердиев.