Рақамли қопқон: Виртуал олам ёшларни ютяпти
Кейинги йилларда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Рақамли технологиялар ривожланиши эса бу жараённинг янада тезлашишига сабаб бўлмоқда. Биз интернет дейилганда Инстаграм, Телеграм, Фаcебоок каби турли ижтимоий тармоқларни тушунамиз ва улардан фаол фойдаланамиз. Тан олиш керак, бу платформалар бирмунча қулайликлар яратиб, кундалик ҳаётимизни осонлаштиради. Аммо уларнинг салбий таъсирларидан хабардор бўлсак-да, кўпинча эътиборсиз қолдирамиз. Хўш, бу муаммога эътибор қаратганимиз билан нимадир ўзгарадими? Рақамли дунё бизни ўз «қопқони»га қандай илинтирмоқда?
Келинг, рақамларга назар ташлаймиз. Кунига ўртача 3-4 соат вақтимизни ижтимоий тармоқларга сарфлаймиз. Демак, бир йилда минг ёки 1,5 минг соатлик умримиз интернет билан ўтади, дегани. Хўш, ижтимоий тармоқларда биз қабул қилаётган ахборотларнинг барчаси ҳам фойдалими?
Мисол учун, баъзи тенгдошларим эрта-ю кеч телефондан бош кўтармайди. Ҳатто дарс пайти айримларнинг жисми аудиторияда бўлса-да, руҳи ижтимоий тармоқларда бўлади. Устоз маъруза қилаётган вақтда Инстаграмда "реелс" кўриб, кераксиз маълумотларни қабул қилиб ўтиришганига гувоҳ бўляпмиз. Баъзан «Институтдаги дарслар қизиқ бўлмаса, нега контракт тўлаб ўқияпти», деган савол ҳам пайдо бўлади. Аслида улар қабул қилаётган бу ахборотлар қийматсиз эканини, умрининг олтин даврини ҳавога совуришга арзимаслигини англаб етмаётгани ачинарли.
Бу интернетнинг шиддат билан онгимизга таъсир ўтказиб, бизни ўз «қопқони»га тушираётганидир. Бизнинг эса шу «қопқон»дан чиқишга иродамиз етмаяпти.
Хўш, муаммонинг ечими қандай? Ечим - ёш авлодга ўзлигини англатиш. Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур каби юзлаб мутафаккирлар етишиб чиққанини ва уларнинг йўлини биз давом эттиришимиз зарурлигини англашимиз керак. Маънавий илдизларимизни мустаҳкамламасдан туриб, ёшларни виртуал оламдан қутқара олмаймиз. Зеро, ёшларнинг виртуал дунё қулига айланиб қолаётгани сабаби уларнинг мақсадсиз қадам ташлаётгани, аждодларига муносиб ворис бўлиш масъулиятини ҳис этмаётганидадир.
Сардор РУСТАМОВ,
СамДЧТИ талабаси.