Расул Кушербаев: Маҳаллада вирус юқмайдиган ва юқтирмайдиган "супермен" ёки "ледимен"лар ишласа керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маҳалла фаолларининг карантин қоидаларига зид ҳолда олиб бораётган ишлари ҳақида маълум қилди.

"Бугунги куннинг энг мантиқсиз ва кулгули ҳолати.

Менимча маҳаллада одамлармас, вирус юқмайдиган ва юқтирмайдиган "супермен" ёки "ледимен"лар ишласа керак.

Карантин қоидаларига риоя этиш талаб қилиниб, уйда қолиш сўралаётган бир вақтда маҳаллаларнинг масъул ходимлари уйда қолганларнинг уйига кириб атрофни ўрганмоқда (албатта, ўз хоҳиши билан эмас): нечта дарахт бор, нима экилган, нега экилмаган, мана огоҳлантириш ва ҳоказо.

Уйда қол, бегонани киритма, касалликдан сақлан, деган гаплардан маҳалла ходимларини шу ишга буюраётган масъулларнинг хабари йўқ кўринади. Балки умуман билишмас...

Томорқачиликнинг тарғиботи билан масофавий шуғулланиш мумкинку.

Айни вақтда бундай кулгили топшириқ бераётганларнинг ҳаракати карантин талабларини инкор этиш сифатида баҳоланиб, бошқалар қатори тенг жавобгарликка тортилиши шарт", деб ёзган депутат.