Равшанми, Ражаб? ёки бир қаҳрамон номини излаб
Халқимиз ўз қаҳрамонларини ҳамиша эъзозлаб келган. Юрт озодлиги, эл манфаати учун жон фидо қилганларнинг номи мангуликка дахлдордир. Равшан (аниғи Ражаб) Маҳмудов ана шундай ботирлардан бири эди. У жанггоҳларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Унга Совет Иттифоқи унвони берилганди.
Минг афсуслар бўлсинким, юксак мукофот эгасига топширилмасдан қолди. Яна бир таассуфланарли жойи шундаки, Р. Маҳмудовнинг қариндош уруғлари ҳалигача топилган эмас. Хуллас, қаҳрамонга, мабодо у ҳалок бўлган эрса, оила аъзоларига топширилиши лозим бўлган Олтин Юлдуз ҳамда бошқа мукофотлар ҳамон собиқ СССР Мудофаа вазирлигинг марказий архивида сақланмоқда. Ҳарбий хизматни ўтаб келган йилларим Самарқанд шаҳридаги Рўдакий номли 5-ўрта мактабда ишладим. Ўша мавзедаги Равшан Маҳмудов номли кўчада истиқомат қилганман. Хотираси абадийлаштирилган бу одам ким бўлиб ўтган экан, деган савол тез-тез хаёлимга келарди. Айримлардан бу ҳақда сўрадим ҳам. Лекин ҳеч ким аниқ бир жавоб бера олмади. Ўз юртдошларимизнинг ўтмишини билмаслигимиз мени изтиробга солди.
Хўш, ким бўлди экан бу одам? Қандай хизматлари, мардликлари туфайли бундай юксак шарафга муяссар бўлган? - Инқилобчи бўлса керак... - Маҳмудовми? Совет Иттифоқи Қаҳрамони. Билганим шу. - Қайси маҳалладан экани маълум эмас. - Урушда ҳалок бўлганми, кейинчалик вафот этганми, айтолмайман... Бу хилдаги жавоблардан сира қониқиш ҳосил қилолмадим. Ўзим мустақил изланишга, имкони бўлса қаҳрамоннинг кимлигини аниқлашга жазм этдим. Н. Г. Березнякнинг «Ўзбекистон“ нашриётида чоп этилган «Ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари» (1984 йил) китобида Маҳмудов тўғрисида шундай ёзилган: «1925 йилда Самарқанд туманининг Сиёб қишлоғида туғилган. Ўзбек. Совет армиясига 1943 йилда Самарқанд вилоятининг Сиёб тумани ҳарбий комиссарлиги томонидан чақирилган. Оддий аскар. 145-ўқчи дивизиясининг 1323-ўқчи полки 1-батальони ўқчиси”. Дастлабки маълумотномада қаҳрамон хизмат қилган дивизиянинг 145-деб нотўғри кўрсатилгани изланишни анча чалкаштириб, кейинга суриб юборди. 1988 йилнинг ёзида керакли ҳужжатларни расмийлаштириб бўлгач, СССР Мудофаа Вазирлигининг Подольск шаҳридаги Марказий Архивида 145-дивизияга дахлдор ҳужжатларни синчиклаб ўргандим. Ўша ердаги мутахассислардан маслаҳат сўрагандим, масала равшан бўлди: Маҳмудовнинг дивизияси 145-эмас, 415-ўқчи дивизия экан!
Дарвоқе, кейинчалик китоб муаллифи Николай Березняк билан учрашдим. У «Ноширлар тезроқ тайёрлаб топширинг, деб шоширишганди», деди ва узр сўради. Мукофот варақасида қаҳрамоннинг номи «Рожан» деб ёзилган. Аслини олганда Равшан, Рўшан маънодош бўлиб, кенг тарқалган исмлардандир, Лекин, барибир, Равшан бошқа, Рўшан бошқада. Манзил аниқ кўрсатилмагандан кейин қаҳрамоннинг қариндошлари топилмаганига шу боис бўлганмикин?
Орадан бир йил ўтиб яна Москвага йўл олдим. Таътил кунларини архивнинг ўқув залида эртадан кечгача ҳужжат ўрганиш билан ўтказдим. Тўплаган маълумотларимнинг барини биргина мақолада баён этиш душвор. Маҳмудов хизмат қилган 415-қизил байроқдор, 2-даражали Суворов орденли Мозир ўқчи дивизияси Марказий фронтдаги 61-армия таркибида бўлган. У 1941 йилнинг 18 сентябрдан эътиборан Узоқ Шарқ фронти қисмларидан бунёд қилинган экан. 1943 йилнинг 13 август воқеалари кўз ўнгимда жонланади. Дивизия қисмлари ихтиёридаги жами ҳарбий техника пана жойларда тизилиб, шох-шабба билан душман назаридан ҳимояланган. Узоққа отадиган тўплар қантарилган араваларни эслатади. Шахсий таркиб катта тантанага ҳозирлик кўрмоқда. Қисмларга жанговар Қизил байроқлар топширилади. Қирғоқдаги кенг сайҳонликда барча саф тортганда, йўлда автомашиналар пайдо бўлди. Улардан жангларда шуҳрат қучган зобитлар, генераллар тушдилар. Тантана бошланди. Маросим тугагач, 1323-полкдаги ўт-олов кечиб чиққан ўзбек жангчилари билан янги келганларнинг танишуви бўлди. Ярим соат олдин бўлиб ўтган тантаналар таассуротидан қонлари кўпириб, кўзлари ёниб турган ёшлардан бири шошмай гап бошлади - Йилнинг бошида хизматга чақирилдик. Менинг исмим Ғани, фамилиям Алимов. Булунғурликман. Сўнгра бошқаларни бир-бир кўрсатиб деди: Бу киши Мамат Аҳмедов, Жиззахдан, Алимов Жумақул – Ғаллаорол туманидан. Холматвой ҳам Жиззахлик. Рўзи билан анови Маҳмудов Самарқанд шаҳридан. Ҳаммамиз ҳарбий тайёргарлик даврини бирга ўтаганмиз. Янги келган жангчиларда қаҳрамон юртдошлари билан фахрланиш туйғуси ҳосил бўлди. Уларда ҳал қилувчи жангларда ўзини намоён қилиш истаги кучли эди. Шу оқшом тонготарида бутун дивизия бўйлаб жанговор буйруқ таралди: «Шайланинг!“. «Сумск ва Чернигов тупроғидаги жангларда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган ғалабалар қўлга киритилди, - дейилади 415-дивизия тарихи қўлёзмасида. Айниқса, 1323-полк Придки, Петрика, Манька, Голубовка, Коробки, Долгунца, Песчани каби қишлоқларни озод этиб шуҳрат қучди.
Днепрнинг шарқий соҳилига чиқиш учун қилинган жанглар шиддатли бўлди. Жангчиларимиз 26 сентябрга ўтар кечаси дарёнинг бу қирғоғини душмандан тортиб олиб мустаҳкам ўрнашдилар. Бизнинг қўшилмамиздан биринчи бўлиб 1323-полкдаги катта лейтенант Лебедов батальонининг 17 нафар жасоратли жангчиси Змея хутори мавзеидан нариги қирғоққа сузиб ўтиб, жанг тараддудини кўрдилар. Орадан бир соат ўтмай фашистларнинг катта бир тўдаси ҳужумга ўтиб баҳодирларни дарёга суриб ташламоқчи бўлди. Бу ҳужумни барбод этиш унчалик қийин бўлмади. Фрицлар ўлик ва ярадорларни судраб қочиб қолишди”. _ Ўртоқлар! Токи тирик эканмиз душманга омонлик йўқ!-қичқирди взвод бошқарувини гарданига олган сержант Қосим Ёқубов. У хандақ бўйлаб югураркан, душман тўдасига кетма-кет граната улоқтириб тутдай тўкаётган Маҳмудовнинг елкасига қоқиб деди:
- Баракалла, Ражаб! Ҳақиқий самарқандлик экансан. Сен билан фахрланаман!
Ражаб?! Бу ном қайдан келиб қолди? Мураккаб жумлаларни битишда, турли тиниш белгиларини тил қоидалари асосида жой-жойида ишлатиб, ўта саводхонлик билан ёзилган дивизия тарихидан қуйидаги парчани айнан келтирмоқчиман: «Днепр учун бўлган жангда дивизиямизнинг 12 жангчиси ўчмас шон-шуҳрат қучди. Дивизия бу мард солдатлар номини ўз тарихига битади: уларга кейинчалик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди. Уларнинг қутлуғ номларини эслатиб ўтамиз: Виктор Лобанов, Павел Ковтун, Павел Томилин, Владимир Зеленев, Владимир Камишов, Павел Шамаев, Дмитрий ивлёв, Қосим Ёқубов, Пётр Шумов, Тимофей Киренков, Раджаб Маҳмудов. Днепр қаҳрамонларига шон-шарафлар!”.
Энди шу алоҳида гуруҳлар рўйхати жамланадиган жойдан Ражабнинг манзили, қариндошларини аниқласа бўлади. Изладик, 1941, 1942 йиллар учун маълумотлар тўлиқ. 1943 йил учун эса ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Суриштириб кўрдим. Мудофаа бўлимлари ажралган пайтда қайга кетгани маълум эмас, дейишди. Кишилар тақдирини белгилайдиган ҳужжатларга муносабат шуми?! Ҳар гал уруш қаҳрамонлари тақдирини ўрганишга киришганимда қанча-қанча қоғозларни титкилаб, не-не одамлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади. Баъзида сенга шубҳа назари билан ҳам қарашади. «Бу одам кимингиз бўлади?», «Нега суриштириб қолдингиз», «Гап тагидан гап чиқарманг, тағин» қабилидаги сўроқларни кўплаб эшитганман. Гоҳида улардан хафа бўлиб кетаман.
Ражаб ҳаётда нима кўрди? Унинг қаҳрамонлик Юлдузи ҳанузгача эгаларига топширилмаган бир ярим миллион орден ва медаллар орасида турибди.
Архив ҳужжатларидан бирида “онаси Халимова Ханиса” тарзида битилган. Бу Ҳанифа, Холниса, Холиса бўлиши ҳам мумкин. Ражабнинг кўкрагига сиғмаган нишонлар унинг оила аъзоларига, эл-юрт саодати учун ёниб яшаётган ворисларга сўнмас шараф тимсоли бўлиб қолади. Бирор асос топилармикин, деган мақсадда Самарқанд шаҳар адреслар бюросига бориб, қуйидаги маълумотномани қўлга киритдим. “Яшаш манзили ҳақида маълумотнома. Самарқанд адреслар бюросида мавжуд маълумотга кўра, 1923 йилда туғилган Маҳмудов Раджаб Асадович Дмитрова кўчасининг 1-проездидаги 3-уйда рўйхатда бўлган. 23.10. 1990”.
Самарқанднинг собиқ Лев Толстой кўчаси ниҳоя қисмидаги маҳалла қабристони олдида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотираси учун ўрнатилган ёдгорликда шу исм-фамилияни кўргандай бўлгандим. Дарвоқе, Самарқанд комиссариатидаги рўйхатларнинг бирида унинг номи қаршисида белги қўйилган эди. Демак кимдир у ҳақда маълумот сўраган.
Хайрли ишнинг кечи бўлмайди. Қаҳрамонга ўз номини қайтариб беролсак олийжанб иш қилган бўламиз.
Энди қаҳрамонимизнинг номи мукофот варақасида қай тариқа битилганига қайтайлик. «Рожан». Хўш, охирги «н” ҳарфи ўрнида «п” ёки унга оҳангдош «б” товуш белгисини қўйиб ўқинг: Рожап-Рожаб! Ҳужжатгоҳда бўлганимда Ражаб Маҳмудов хизмат қилган 1323-ўқчи полкига дахлдор маълумотномалардан унинг қуролдошларидан баъзи бирлари тўғрисида белгилар кўчириб олдим. Змея хутори учун бўлган жангларда Ражаб Маҳмудов билан қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлганлардан Ковтун Павел Максимович урушдан кейинги ҳаётини Тошкент билан боғлаган, пойафзал фабрикасида инженер вазифасида ишлаб, 1980 йилда вафот этган. Қосим Ёқубов ғалаба билан қайтиб, Фарғонада яшаган, 1954 йилда вафот этган. Ўша жанговор 1-батальонда жанг қилган мард йигитлар сафида қуйидагилар бўлган: Алимов Ғани, 1926 йилда туғилган. Самарқанд вилоят, Булунғур туманининг Небоса ( ҳужжатда шундай ) қишлоғидан. Аҳмедов Мамат, 1925 йилда туғилган. Жиззах вилоят, Саройлик қишлоғидан. Алимов Жумақул, 1925 йилда туғилган. Ғаллаорол туман, Удамали қишлоғидан. Улар яраланган ва»Жасурлиги учун” медали билан тақдирланган эдилар.
Маҳмуджонов Холмат, 1925 йилда туғилган. Жиззах вилоят, Саройлик қишлоғидан. Ўзбеков Рўзи, 1925 йилда туғилган. Самарқанд шаҳар, Ленин кўча, 7-уйда яшаган. Юқорида номлари келтирилган аскарларнинг ҳаммаси Змея хутори учун бўлган жангларда қатнашиб, 27 сентябрдаги мардликлари учун «Жасурлиги учун» медали билан тақдирланганлар. Улар ҳозирги кунда ҳаёт бўлсалар, биз билганларга қимматли тафсилот қўшадилар деган умиддаман. Сўзни шу жойда мухтасар қилмоқчи бўлганимда яна бир янги фикр пайдо бўлиб, йўлга тушдим. Самарқанд шаҳар, Сиёб туман мудофаа ишлари бўлимига учрадим. Уруш даврига оид ҳужжатларнинг бари Темирйўл туман бўлимида эканини айтишди. Темирйўл туман бўлимида катта лейтенант Олимжон Шукуровга мурожаат қилишимга тўғри келди. Бу зобит мени диққат билан тинглагач, олдимга уч-тўрт ҳужжат йиғмасини қўйди. 1942-1945 йиллар мобайнида ҳарфлар тартиби асосида юритилган 92-делони назардан ўтказа туриб, хурсандликдан қичқириб юбораёздим. Ушбу йиғманинг «М «ҳарфи билан бошланувчи фамилиялар қаторида 1943 йил 30 январь кунида заҳирадаги 9-ўқчи бригада командири ихтиёрига юборилганлардан икки кишининг исми-шарифини сизга пешкаш қилмоқчиман: Мирбобоев Теша, Маҳмудов Ражаб...
Ғайбиддин Фазлиев.