Регистон йиғлаган кун

Ўшанда Самарқандга одам оқиб келди. Шаҳарнинг ҳар томонидан одамлар кириб келди, ҳамма юрт отасини сўнгги йўлга кузатишга чиққанди. Жараён Самарқандда бўлгани учун барчасига гувоҳ бўлдик.

Регистон бунёд бўлгандан бери қанчадан-қанча маросимларга гувоҳ бўлган. Аммо бутун мамлакат ва хориждан йиғилганлар учун бу маросим қайғули эди. Шунча одамни бағрига сингдирган Регистонда бу даражадаги сукунатдан лол қолмай иложингиз йўқ. Узоқдан қараганда Регистон ғам, мунг билан йиғлаётгандай таассурот қолдирарди. Одамларнинг давлат раҳбарига меҳри нечоғлик бўлиши мумкинлигини ўшанда кўрганман илк бор.

Ҳа, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни сўнгги йўлга кузатиш маросими бутун халқнинг мусибатига айланганига гувоҳ бўлгандик, ўшанда. Орадан шунча йил ўтибдики, ҳамон одамлар у кишининг хоки қўйилган Ҳазрати Ҳизр мажмуасига зиёратга келишади, ҳамон бу қадамлар узилгани йўқ.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, барча давлат раҳбарларига ҳам одамларнинг меҳри билан сўнгги манзилга кузатув насиб қилмаганлигига гувоҳ бўламиз. Гарчи улар ҳаётлик чоғида мақтовда умр кечирган бўлса-да вафотидан сўнг хотираси қадр топмаган.

Аслида жуда катта сиёсатшунослар Ислом Каримов ҳаётлигидаёқ унинг шахсига нисбатан аниқ ва тиниқ баҳони бериб бўлишган. Четда мамлакат ҳақида ижобий фикрлар кам учраган бўлса-да, йирик давлатлар раҳбарларининг И.Каримов билан ҳисоблашгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса Ўзбекистон билан ҳисоблашиш, мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги ўрни ўзига хос бўлганини англатади.

Биринчи президентимизнинг яхталару, виллалари бўлмаган. Бир умр камтарона турмуш кечиргани ҳақида у кишининг атрофидагилар ҳануз бошқача меҳр билан гапиришади. Ҳатто бу масалада ўз фарзандига ҳам муросасиз муносабатда бўлганини кўрдик.

Муваффақиятлар ва ютқазиқлар доим ёнма-ён юрган. Бу даврда қайси бири тош босгани ҳақида сиёсатчилар гапиргани яхшироқ, аммо йиллар залвори билан ўлчайдиган бўлсак, иқтисодий, сиёсий манфаатлари бирлашиб кетган давлатлар ичра алоҳида қолгач, ўз аравасини тортиш, аҳоли қорнини тўйдириш баробарида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва уни одамлар онгига сингдириш каби муҳим вазифалар Ислом Каримов даврининг асосий жиҳатлари бўлиб қолди. Ишонинг, барча юқори даражадаги амалдорлар қарийб бошқа тилда фикрлайдиган, ўша тилда ўйлайдиган бир пайтда бу масалаларни ҳимоя қилиб чиқиш осон бўлмаган, албатта. Илк бор  мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинганда залдагиларнинг ҳатто қарсак чалмагани ҳам кўп нарсани англатади.  

Водийда террорчилар бош бўлиб йиғилган оломон орасига кириб бориш, чегаралардаги нотинч вазиятларда ҳам пойтахтда ўтириб эмас, ўша ернинг ўзида ҳозир бўлиш, фавқулодда фожиали ҳолатларда, аввало, аҳолини ўйлаб иш тутиш учун давлат раҳбарида нафақат халқ олдидаги мажбурият, бурч устувор бўлиши керак, балки юртга меҳр-муҳаббат, жасорат ва қатъият ҳам мужассам бўлмоғи зарур. Бу ҳам Ислом Каримовнинг улуғворлигидан даракдир. Бугун Ҳазрати Ҳизр мажмуасига мамлакатимиз биринчи президентини хотирлаш учун келувчиларнинг қадами узилмаслигининг сабаби ҳам шунда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.