Режалар катта, вазифалар кўп. камчиликлар ҳам йўқ эмас

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси М.Бобоёров, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи А.Насимов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдошев, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Саъдинова Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида қайд этилган устувор ғоя ва вазифаларга тўхталдилар.
 Йилнинг биринчи ярмида вилоятимиздаги маҳаллаларнинг ҳар бирида камида бештадан янги иш ўринлари яратиш, маҳаллани фаол тадбиркорлик масканига айлантириш бўйича амалий ишлар бажарилади, – дейди М.Бобоёров. – Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида "Маслакдош, елкадош, рақобатдош", "Маҳалла куни", "Очиқ ҳисобот дарслари", "Китоб тақдимотлари", "Малака" каби лойиҳалар амалга оширилади.
Тадбирда соҳа раҳбарларининг жорий йилдаги режалари, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича истиқболдаги лойиҳалар, давлат дастурларига оид маълумотлари тингланди.
Таъкидланишича, 2018 йил инвестиция дастури бўйича жами 45 та умумтаълим мактабларининг бино ва иншоотлари реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирланади. 
Мактабгача таълим бўйича 57 та муассасада таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шаҳар ҳудудларида 150-200 ўринли, туман маҳаллаларида 25-50 ўринли боғчалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.
Самарқанд ва Тойлоқ олимпия захиралари, Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежлари, Самарқанд қишлоқ хўжалик ҳамда чет тиллар институти академик лицейларида капитал реконструкция ишлари амалга оширилади.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.
***
Брифингда берилган маълумотларни газетамизнинг кейинги сонларида эълон қилиб борамиз.