Реклама соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят ҳокимининг 2020 йил 29 февралдаги 31-Қ-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорда шаҳар ва туман ҳокимликларига махсус ишчи гуруҳлар тузган ҳолда барча турдаги ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) хатловдан ўтказиш, хатлов натижалари бўйича жойлаштирилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларининг) ушбу қарор талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш белгиланди. Булардан ташқари, қарор қабул қилингунга қадар қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланилган ташқи реклама объектларига (конструкцияларига) олинган паспортлар, гувоҳномалар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар, шунингдек, тегишли ваколатли органнинг қарорисиз ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) бўйича ҳужжатларни ўн календарь кун ичида бекор қилиниши, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун паспортлари, гувоҳномалари, сертификатлари, рухсатномалари ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларни бекор қилинган ёки ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаган (рухсатсиз ўрнатилган) ташқи реклама объектларни (конструкцияларини) ўттиз кун ичида демонтаж қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши, ташқи реклама объектлари (конструкциялари) эгаларига ушбу қарор талабларига жавоб бермайдиган ҳолатларни ушбу қарор қабул қилинган санадан бошлаб олти ой ичида бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар берилишини таъминлаш белгилаб берилган.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларида 3х6 ўлчамдаги ташқи реклама воситалари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган. Пиёдалар ўтиш йўлакчаларида, троутарларда, йўл қатнов қисмининг асосий қисмига кўп ҳолатларда ташқи реклама воситаларининг ўтиб кетганлиги ва шунга ўхшаш бир қанча ҳолатлар мавжуд.

Қарорда юқорида келтириб ўтилган ҳолатларнинг барчасини бартараф қилиш, йўл қўйилган камчиликларнинг ҳал қилиниши билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда реклама соҳасида ижобий натижаларга эришиш кўзда тутилган.

Акбар ХУДОЙҚУЛОВ,

вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси реклама фаолиятини тартибга солиш бўлими бошлиғи.