Ренессанс кимга насиб этади?
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик эътиборини мамлакатда илм-фан ва таълимни ривожлантиришга жалб этиб, бизда Учинчи Ренессанс (Уйғониш) даврига тамал тоши қўйиш имконияти борлигини таъкидлагандан сўнг кўпчилик зиёлилар бу ибора, тушунча ҳақида гапира бошлашди. Ва буни ҳар ким ўзича талқин қиляпти. Камина ҳам мазкур мавзуда мулоҳаза юритмоқчиман.
Хўш, Президент Ш.Мирзиёев нимага асосланиб ушбу эзгу даъватга жазм этди?
Биринчидан, оламдаги барча сезиларли эврилишлар Осиёдан бошланган. Сўнгги иккита Ренессанс даври асосчиларининг аксари айнан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаган ёки шу заминдаги муҳитда камолга етган.
Иккинчидан, шу туфайли ҳам халқимиз қонида бунёдкорлик, маърифатпарварлик генлари бор. Гап ана шу эзгу туйғуларни уйғотишда.
Учинчидан, одамлар мамлакатда бошланган шиддатли ислоҳотларни маъқуллади, унга фаол қўшилди. Карантин чекловларига қарамасдан «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури жуда кўп йўналишларда амалга оширилди. Демак, бундай халқ билан янада катта марраларни эгаллаш мумкин.
Тўртинчидан, ҳою ҳавас, истак эмас, балки аниқ мақсад билан кўзланган режа элнинг ғурурини, иштиёқини оширади. Инсон учун энг завқли ҳаёт бу ўз тақдирини яхшилаш учун курашишдир.
Аммо «ҳолва» деган билан оғиз чучимайди. Уйғониш жараёни йиллар давомида шаклланади ва унинг учун тарихий шарт-шароит етилмоғи ҳам лозим. Шу сабабли уйғониш даврлари оралиғи 5-6 асрни ўз ичига олган. Ўша замонда яратилган мўъжизалар, ихтиролар бугунги кунда ҳам барча фанларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ренессанснинг куч-қудрати шундаки, у муайян бир минтақада юзага келса-да, бутун дунёга таъсир кўрсатади, бутун дунёни уйғотади.
Мисол учун, Х асрда яшаб ўтган араб тарихшуноси таъкидлаганидек, «Боғдодда бирор олим ёки шоир йўқки, унинг Хоразмда, Бухоро ёки Самарқандда шогирди бўлмасин!» Немис олими Г.Зутер шундай ёзган: «Бағдод академиясидаги 515 нафар олимнинг барчаси араб миллатига мансуб деб келинарди. Ваҳоланки, туғилиб ўсган жойларига қараганда уларнинг аксарияти Марказий Осиё – Мовароуннаҳрдан бўлиб чиқди». Арабларга уларнинг мукаммал алифбосини яратиб берган, Нил дарёсида сув ҳажмини ўлчовчи асбоб ихтиро қилганлар ҳам ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаган алломалардир.
Мисрдаги Ал Асҳар университети ректори анжуманларнинг бирида «Университетимизда ҳозирга қадар ўн минглаб талабаларга диплом бериб, учирма қилдик, лекин уларнинг орасидан ҳалигача Имом ал-Бухорийдек аллома чиқмади» деган экан.
Ренессанс байроқ қилинадиган мавзу эмас, интиладиган манзилдир. Оддий кишилар-ку, майли, аммо дуппа-дуруст зиёлилар ҳам гўё катта уйғониш даврини кўраётгандек гапириши кишини ўйлантириб қўяди. Узоқ ва кенг кўламда шаклланадиган бу жараёнда алломага айланадиган, ихтиролар қиладиган шахсларгина эмас, илм-фан, бунёдкорлик учун шарт-шароит яратганлар ҳам бирдек азиз ҳисобланади. Замонавий иборада айтганда, Ренессанс учун бутун жамиятни тайёрлаб бормоқ лозим.
Бинобарин, тан олмоқ керакки, янги Ўзбекистон стратегияси айнан ана шу мақсадга қаратилган. Бу борада қилинаётган улуғвор ишлар нафақат халқимиз, жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилаётир.
Аммо ҳали илм-фан соҳасини тўла ислоҳ қилишда жуда кўп иш қилишимиз зарур. Энг аввало, илмий тадқиқотларда, устоз-шогирдликда, илмий хулосаларни ҳаётга жорий этишда яхлит тизим яратиш ва унда ошкораликни, натижадорликни биринчи ўринга қўйиш вазифаси турибди. Илмий фаолиятдаги коррупцион ҳолатларга, хусусан, порахўрлик, таниш-билишчилик, қариндошчиликка чек қўйишда ҳурматли олимларимизнинг ўзлари ҳам жонкуяр, адолатли бўлмоғи керак.
Яхши олимларни рағбатлантириш баробарида тадқиқот хулосаси аҳамиятли бўлмаган, бугунги ўзгаришларга муносабат билдира олмаётган зиёлиларга нисбатан қаттиққўл бўлиш пайти келди, деб ҳисоблайман.
Хуллас, биз тараққиётнинг шиддатли, кўпқиррали, дунё билан бўйлашадиган йўлини танладик. Бу ҳаракатимизни дунёга маълум қилдик. Шундай экан, энди ҳар бир режамиз, ҳаракатимиз ана шу олий мақсадга муносиб бўлиши шарт.
Жумақул Каримов,
фалсафа фанлари номзоди.