Рентген ниҳоятда қўрс инсон бўлган

Машҳур олим Вильгельм Конрад Рентген (рентген аппарати ихтирочиси) табиатан ниҳоятда қўрс инсон бўлган. Ходимлари унинг қўпол муомаласидан йиғлар, фақат илмий истеъдодига таянибгина унга нисбатан ҳурматда бўлар эканлар. Швед қироллик академияси томонидан унга Нобель мукофоти берилиши тўғрисида хабар келганида, у елка қисиб қўйди. Нобель қўмитаси лауреатни маросимга расман таклиф этиш учун келганида Рентген котиби орқали муҳим ишлар билан банд эканлигини, Стокгольмга аниқ бир мақсадсиз, сандироқлаб бориб келишга вақти йўқлигини етказишни буюрди:

- Берган  бўлса, берипти-да, почта орқали жўнатсаям бўларди, жуда зарур бўлса, - деди у.

Шведлар бу нуфузли мукофот давлат маросимида шахсан Швеция қироли томонидан мартабали кишилар иштирокида тақдим этилишини тушунтиришди.

- Агар қиролнинг қиладиган иши бўлмаса, шундайдир ҳам балки, ўзи Венага кела қолсин. Рентген сарой бекорчиси эмас, олим эканлигини етказинг. Айтдим-ку, ахир мен бандман, швед қироли билан ҳеч қанақа ишим йўқ! – деди олим.

Мукофотни жўнатишди.

Рентген ўзининг нурлари устида бир ярим йил илмий изланиш олиб борди ва улардаги ўн икки сифат ўзгаришларини тўрт варақ қоғозда тавсифлади. Шундан кейин айтди:

- Бўлди, тугади, бу ерда қилинадиган иш қолмади, бошқа масалаларни кўрамиз.

Ходимлар шошма-шошарлик билан қилинган “олтин тубли бу истиқболли янгилик”ка ишониб ёпишишди. Бироз вақтдан кейин улар номаълум нурланиш оқибатида вафот этишди. Ўша пайтдан буён 100 йил ўтди, лекин Рентген нурларининг хусусиятига шу кунгача бирор киши бирон қатра тавсиф ёки янгилик қўшганича йўқ.

Михаил Веллернинг “Самовар” китобидан.