Республика махсус комиссияси томонидан бир қатор талаблар бекор қилинди
Бугун, 16 мартдан бошлаб, Ўзбекистонда бир қатор чекловлар бекор қилинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси билан чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланади.
Ўзбекистонга кириб келувчилар республикага ташриф буюришидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЦР-тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотга эга бўлиши талаби бекор қилинмоқда.
Эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларга тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлган тақдирда, улардан ПЦР-тест натижаси ҳамда коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши талаби қўйилмайди.
Бунинг ўрнига, ташриф буюрувчилар тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлмаган тақдирда республикага ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЦР-тест натижаси ёки чегара ўтиш пунктларида экспресс-антиген тест топшириши бўйича манфий натижали маълумотномага (электрон QR code) эга бўлиши шарт қилиб белгиланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро йўловчи поездлар қатновлари ҳамда автобус йўналишларида парритет асосида йўловчи ташиш фаолияти карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тикланади.