Республикачилар Байденни АҚШ президенти сифатида тан олишдан бош тортди

АҚШ Конгрессида республикачилар раҳнамолари демократ Жозеф Байденни сайланган президент сифатида тан олиш тўғрисида қарор қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Конгресс палатаси вакиллари лидери Стени Хойер ушбу резолюцияни АҚШ президентининг инаугурация маросимини ўтказиш пайтида Конгресс қўшма қўмитаси йиғилишида қабул қилишни таклиф қилди. Қўмита таркибига демократлар ва республикачилар киради.

Бироқ республика партияси вакиллари Хойернинг таклифига қарши овоз беришди. Хусусан, Сенат республикачилари етакчиси Митч Макконнелл, қўмита раиси Рой Блант ва палата вакилларининг республикачилар етакчиси Кевин Маккарти қарши чиқди.

Аввалроқ АҚШ Конгрессида Американинг амалдаги президенти, республикачи Доналд Трампнинг 249 партиядошларидан 25 нафари мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларида демократ Жозеф Байденнинг ғалабасини тан олгани ҳақида хабар берилган эди. Шу билан бирга, икки киши Трампни ғолиб деб тан олишган бўлса, қолган 222 киши аниқ жавоб бермади.

3 ноябрь куни АҚШда навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтди. Овозларни ҳисоблаш ва ушбу масала бўйича суд жараёни бугунги кунгача давом этмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, Байден ғалаба қозониш учун керакли миқдордаги сайловчилар овозини олган ва шу тариқа Трампни ортда қолдирган. Демократ аллақачон ўзини АҚШнинг сайланган президенти, деб эълон қилди. Трамп сайловдаги мағлубиятини тан олмай, рақибини "йирик фирибгарликда" айблади.