"Агар Путин Украинадаги урушни тугатишдан манфаатдор бўлса, у билан гаплашишга тайёрман": Байден Россия президенти билан музокаралари тўғрисида

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тугатишдан манфаатдор бўлса, у билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтди. Бу фикрини Байден Франция етакчиси Эммануэль Макрон билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида билдирган.

“Агар Путин ҳақиқатан ҳам урушни тугатиш йўлини топишдан манфаатдор бўлса, мен гаплашишга тайёрман. Аммо ҳозирча мен буни кўрмаяпман”, — деди Байден яқин келажакда Россия президенти билан мулоқотни режа қилмаганини таъкидлаб.

Байденнинг сўзларига кўра, агар Россия урушни тугатишдан манфаатдор бўлса, у ҳолда АҚШ президенти Франция ва НАТО бўйича бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашувдан сўнг музокаралар столига ўтиришдан мамнун бўлади.

Байден Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини “носоғлом” деб атади ва Путинда урушни тугатишнинг биргина оқилона йўли – Украинадан “кетиш” дея таъкидлади. “Аммо у буни қилмоқчи эмасга ўхшайди. Ва бунинг учун жуда юқори нарх тўлайди. У Украинанинг тинч аҳолиси иштирокида ақлбовар қилмас қирғин уюштирмоқда”, дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

Ўз навбатида Макроннинг таъкидлашича, яқин ҳафта ёки ойда Украинадаги вазият ривожи Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий музокаралар вақти ҳақида гапириш имконини беради. Унинг фикрича, иттифоқчилар ҳам украиналикларни улар учун номақбул бўлган Россия билан муросага ундамасликлари керак.

Шунингдек, анжуман чоғида икки давлат раҳбари АҚШ ва Франция Россия ҳамда Путинни Украина ва “дунёнинг бошқа қисми” билан уруши учун жавобгарликка тортишга қатъий қарор қилганини айтди. Давлат раҳбарлари Киевни қўллаб-қувватлашини ва унга керак бўлган вақтгача ёрдам беришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

1 декабрь куни Кремль йил охиригача Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқалар режалаштирилмаганини маълум қилди. Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Вашингтон билан музокаралардан воз кечилмаётгани, бироқ ҳозирча “ҳеч қандай муҳим ғоялар йўқлигини” таъкидлади.

Вазир, шунингдек, Россия Украина билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини, бироқ мулоқот унинг (Украина) айби билан амалга оширилмаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Москва ҳеч қачон Украинадаги вазиятни ҳал қилиш учун музокаралар ўтказишни сўрамаган, бироқ “музокаралар йўли билан” ечим топишдан манфаатдор.

Ноябрь охирида Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан ҳар қандай музокаралар парда ортида эмас, ошкора ўтказилиши кераклигини айтди. Унинг идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг таъкидлашича, фронтдаги ҳозирги вазиятда музокаралар бошланиши Украина учун таслим билан баробар бўлади.

Кремль томонидан ўтказилган ёпиқ ижтимоий сўров натижаларига кўра, ҳозирда россияликларнинг 55 фоизга яқини Украина билан тинчлик музокаралари тарафдори, бор-йўғи 25 фоизи урушни давом эттиришни исташини билдирган.