Рейдда 1791 нафар ҳайдовчига жарима қўлланилди

Унда "Ўзавтодарётранс" вилоят бўлими, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, ИИБ ЙХБ ходимлари, туман, шаҳарлардаги транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналарнинг раҳбар ва ҳисобчилари иштирок этди. 

Таъкидландики, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида танлов асосида текширилган 8 та корхонада мижозларга 922 минг сўмлик касса чекини бермаслик, тушумларни банк кассасига топширмаслик ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланган. Натижада, бундай корхоналарга 35,9 миллион сўмлик молиявий ва уларнинг раҳбарларига 7,1 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. 

– Таҳлилларга кўра, ҳозирда вилоятда 130 автотранспорт корхонасида 4144 та йўналишсиз такси фаолият юритиб, уларнинг 1991 таси (48 фоиз) назорат касса машиналарига эга ва солиқ инспекцияларида рўйхатдан ўтган, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи З.Норқўзиев. – Йилнинг ўтган давридаги камерал назорат текширишларида тўланмаган 1,2 миллиард сўм солиқ қўшимча ундирилди. Йил бошидан буён ўтказилган рейд тадбирларида 1791 нафар жисмоний шахснинг ноқонуний фаолияти аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 1,3 миллиард сўмлик маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.