Россия ҳарбий хизматга чақирилувчи фуқаролари учун чет элга чиқишни таъқиқламоқда
Давлат Думаси ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги қонунга ҳарбий хизматдан қочиш ниятида бўлганларнинг ҳуқуқларини сезиларли даражада чеклайдиган ўзгартишларни қабул қилди.
Янгиликлар қаторида миллионлаб россияликлар рўйхатга олинган "Госуслуги" - давлат хизматлари порталининг шахсий кабинети орқали ҳарбий хизматга чақирув қоғозларини жўнатиш, шунингдек, ҳарбий хизматга мажбур бўлганларнинг ягона реестрини яратиш киради.
Муддатли ҳарбий хизматчининг "Госуслуги"да аккаунти бўлмаса ҳам, ҳужжат рўйхатга олиш китобига киритилганидан кейин етти кун ўтгач чақирув варақаси топширилган ҳисобланади. Шу заҳотиёқ чақирилувчининг чет элга чиқиши тақиқланади.
Бундан ташқари чақирувдан “бош тортувчи” кредит ололмайди, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўта олмайди, шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш ва ҳатто машина ҳайдаш тақиқланади. Яна минтақавий ҳукумат органлари қўшимча чекловлар қўйиши мумкин.
Давлат Думаси Мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов ҳам ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган ва чет элда бўлган россияликларга бир йил таътилга чиқиб келишни, “Давлат олдидаги қарзини тўлаб, хорижга қайтишни ва у ерда бахтли ишлашни давом эттириш"ни маслаҳат берган.
Кремлнинг таъкидлашича, ҳозирги қонунчиликнинг қатъийлаштирилиши сафарбарлик билан боғлиқ эмас. Кўплаб мухолифат нашрлари ва ижтимоий фаоллар мамлакатни тарк этиш бўйича тавсиялар рўйхатини янгилади.