Россияда баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлган 22 ёшли самарқандлик йигитнинг жасади олиб келинди
Ижтимоий тармоқларда Россияда 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 1998 йилда Cамарқандда туғилган А.Файзиев Россиянинг Ленинград область Всеволож туманидаги қурилиш корхонасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширган.
Жорий йилнинг 17 июнь куни иш вақтида техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганлиги сабабли баландликдан йиқилиб тушган ва орадан 4 кун ўтиб, 21 июнь куни шифохонада вафот этган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан иш берувчи билан олиб борилган музокаралар натижасида А.Файзиевнинг жасади бугун, 25 июнь куни Санкт-Петербург-Тошкент йўналишида Ватанга олиб келинди ва компенсация пуллари тўлиқ ундирилди.
Бугунги кунда бахтсиз ҳодиса юзасидан Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноят иши очилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.