Россиядаги ЙТҲда Ўзбекистон фуқароси ўрта оғир даражада жароҳат олди
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош Консулхонаси (Россия) ФВВнинг Оренбург области бўйича бош бошқармасига таяниб маълум қилишича, 2019 йил 8 декабрь куни «Қозон-Оренбург-Акбулак» трассасида Угольное қишлоғи ҳудудида «Газель» юк машинаси ва минивен иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
ТИВ хабарига кўра, ЙТҲ оқибатида воқеа жойида 4 киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши Сол-Илецк шаҳридаги «Городская больница» соғлиқни сақлаш муассасасига ётқизилди. Жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқароси И.Б. бор. Унинг ҳолати узоқ муддатли даволанишни талаб қилувчи ўртача оғир даражада.
Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва маҳаллий ҳокимият ва ватандошимиз жойлашган тиббий муассаса билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров области, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород области, Оренбург области, Пенза области, Перм ўлкаси, Самара области, Саратов области, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Ульянов области, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда Қозон шаҳридаги мамлакат бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди: +7-843-526-55-64, +7-843-526-55-65.