Рўзага оид 10 саволга 10 жавоб
Савол: Рўзадор одам тиш пастаси билан тишини тозаласа бўладими?
Жавоб: Рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.
Бирор нарсани оғзига солиб, татиб кўриш макруҳ. Лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).
Савол: Укол (инъекция) қилиш билан рўза бузиладими?
Жавоб: Уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.
Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.
Савол: Тиш олдирса рўза очиладими?
Жавоб: Рўзанинг очилиш-очилмаслиги томоқдан бирор нарса ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдираётганда томоқдан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.
Савол: Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.
Савол: Эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланиб қўйса, рўзаси очиладими?
Жавоб:
1) Эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.
2) Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин «Рўзам очилди» деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.
3) Эсдан чиқариб еб-ичиб қўйса, рўза очилмаслигини билатуриб таом еб қўйса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Қайт қилишнинг ҳукми ҳам шундай: қайт қилгач, «энди рўзам очилди» деб ўйлаб, таом еб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Лекин бу иш рўзани очмаслигини билатуриб таомланиб юборса, каффорат ҳам вожиб бўлади.
Савол: Ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади, деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорат лозим бўладими?
Жавоб: Шундай деб ўйлаб, қасддан еб-ичиб юборса, қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади.
Савол: Рўзадор киши исириқ, буғ ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳидласа рўзаси очиладими?
Жавоб: Рўзадорлиги эсида туриб, қасддан тутун ютса, исириқ ҳидини ютса, доривор ўтларнинг буғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.
Савол: Суриладиган дори (мазь) ва шу каби воситаларни баданга суртса, рўза очиладими?
Жавоб: Рўза очилмайди. Терининг орасидан ёғ каби нарсаларнинг ичкарига кириши рўзани очмайди.
Савол: Рўзадор шўр сувда оғзини чайса бўладими?
Жавоб: Сув чучук бўлсин, шўр бўлсин, рўзадор у билан таҳорат олса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади.
Савол: Касал ва мусофир Рамазон ойида рўза тута олмаса-да, ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?
Жавоб: Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан холироқ жойда таомланишлари афзал.
“Мўминнинг қалқони” китобидан олинди.