Рублнинг "депрессив" даври. Нима учун Россия валютаси заифлашмоқда?

6 июль куни ким ошди савдосида Россия валютаси яна бир йиллик энг паст кўрсаткични янгилади: Москва биржасида доллар курси 93 рублга етди (АҚШ валютаси 2022 йил 28 мартдан бери бунча қиммат бўлмаган), евро ҳам 100 рублдан ошиб, 2022 йил мартидан буён максимал ошди.

Йил бошидан бери рубль аллақачон Америка ва Европа валюталарига нисбатан тахминан 30 фоиз қийматини йўқотган бўлиб, бу ривожланаётган мамлакатлар валюталари орасида энг ёмон кўрсаткичдир.

Нега рубль тез тушмоқда?

Рубль курси бир ойдан кўпроқ вақт - 26 майдан бери доимий равишда тушиб бормоқда. Мутахассисларнинг айтишича, бунинг асосий сабаби савдо балансидаги муаммолардир.

Россия экспортчи давлат. Шунинг учун, у сотилган товарларнинг бир доллари (биринчи навбатда, нефть ва газ)дан қанча кўп рубль олса, бюджетга шунча кўп пул тушади. Аммо бу йил, хусусан, Европанинг Россия углеводородларидан воз кечиши сабабли экспорт билан боғлиқ катта муаммолар вужудга келди. Ғарб товарларининг “параллел импорти” йўлга қўйилганлиги сабабли, мамлакатга хорижий валюта камроқ кириб, унга талаб эса ортди.

2022 йилда ҳамма нарса аксинча эди. Ўшанда Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан ва Ғарб санкциялари жорий этилгандан сўнг, Россиядан импорт кескин камайди ва Европа нефть ва газни ғайритабиий юқори нархларда сотиб олишда давом этди. Натижада, мамлакатда валюта кўпайди, аммо унга талаб кам, вайрон қилинган таъминот занжирлари ва ҳали янги воқеликка мослашмаган иқтисодиёт туфайли унга сотиб оладиган ҳеч вақо йўқ эди. Шу сабабли, роппа-роса бир йил олдин доллар 55 рублдан пастга тушди.

Нега нефть рублга таъсир қилмаяпти? Унинг нархи тушмаган-ку

Ҳақиқатан ҳам, нефть нархи ярим йил давомида амалда ўзгармади. Шимолий денгиз эталони Brent учун 2022 йил декабридаги каби бир баррели учун 75 долларни беришмоқда.

Аммо жаҳон иқтисодиётининг аҳволи яхши эмас – нефтга бўлган эҳтиёж камаяди ва у билан бирга нархлар ҳам тушиб кетади, деган хавотирлар бор. Шу сабабли, ОПЕК ва ОПЕК+ альянслари мамлакатлари августгача нефть ишлаб чиқаришни қисқартиришни узайтиришга қарор қилишди. Улар орасида энг йирик ишлаб чиқарувчилар - Саудия Арабистони ва Россиядир. Таъминотни қисқартириш орқали бюджети хом ашёга боғлиқ бўлган экспортчи мамлакатлар нархлар тушишига йўл қўймайди. Аммо Россия учун вазият айниқса қийин. Чунки санкциялар туфайли унинг нефти "кулранг" зонага ўтди. 2023 йилнинг биринчи ярмида Россия бюджетининг нефть ва газ даромадлари 2022 йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки бараварга қисқарди. Ва буни рубль тушишининг яна бир сабаби дейиш мумкин.

Шундай қилиб Россияда яқин тарихдаги энг катта бюджет тақчиллиги рўй берди. Жорий йилнинг беш ойида у 3,4 триллион рублга етди.

Ваҳоланки, агар харажатлар камаймаса, даромадлар кўпаймаса, ҳар қандай давлатнинг валютаси тушишга маҳкум. Бунга ёрқин мисол, бир йилда долларга нисбатан икки баравар тушган Аргентина песоси. Мамлакатда савдо балансида шундай жиддий муаммо: бюджет харажатлари катта, экспортчилар эса ҳеч қандай ёрдам бера олмайди, мамлакатда узоқ қурғоқчилик, шунинг учун дон, гўшт ва вино ишлаб чиқарувчилари йўқотишларга дуч келиб, кам солиқ тўлайди.

Рублнинг қулаши учун бошқа сабаблар борми?

Ҳа, Россия валютасига босим ўтказадиган яна бир қанча омиллар мавжуд:

Рубль курсига шунингдек, Молия вазирлигининг бюджет қоидаси тариқасида июль ойида валюта савдосини камайтириш қарори ҳам таъсир кўрсатди.  

Яна бир сабаб -  валютага талаб ўсиши. Мутахассислар бошқа омиллар қаторида йирик импортёрлар томонидан чет эл валютасига талаб ортиб бораётганини таъкидламоқда.

Шунингдек, йирик операцияларни амалга ошириш рублнинг заифлашишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, куни кеча Федерация Кенгаши норезидент-банкларни савдоларга қўшишни маъқуллади, бу ҳам чет эл валютасини қўллаб-қувватлаш омили бўлиб хизмат қилади.

Евгений Пригожиннинг исёни рублга таъсир қилдими?

Девальвация (миллий валютанинг барқарор валюталарга нисбатан қадрсизланиши) омилларидан бири капиталнинг чиқиб кетишидир. Мамлакат барқарор ва бизнес учун қулай бўлса, унга сармоя оқади: корхоналар қуриш, акциялар сотиб олиш ва молиявий ўсиш. Ҳозир-чи, кўпчилик ижтимоий тўнтаришлардан қўрқиб, пулни мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқда.

"Вагнер" ХҲКнинг ҳарбий қўзғолони валютанинг чиқиб кетиши жараёнини тезлашишига ҳисса қўшган бўлиши мумкин. Давлат нотинчлиги табиийки, жамғарма учун ишончлироқ активларни излашга, бошқача айтганда, доллар ва еврога ўтишга мажбур қилади.

Айтганча, рублнинг қулаши аллақачон бир қатор товарлар нархининг ҳам ошишига олиб келмоқда.

Россия расмийлари рублнинг қулаши ҳақида нима дейди?

Молиявий органлар хавотирли динамикага қарамай, рублнинг нархига аралашмоқчи эмас. Ҳозирча валюта интервенсиялари ҳақида ҳам гап йўқ. “Биз рубль курсини нишонга олмаймиз, ҳар қандай курс биз учун мақбулдир. Биз буни пул-кредит сиёсатида ҳисобга оламиз. Марказий банк молиявий барқарорлик учун хавфни кўргандагина интервенсияга тайёр бўлиб, ҳаракат бошлаши мумкин. Ҳозир эса бундай хавф-хатар йўқ”, деди Марказий банк раиси Элвира Набиуллина 6 июль куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Молия конгрессидаги чиқиши чоғида.

Валюта курсининг сакраш сабабларидан бири - аввалроқ Марказий банк курсининг ошиши бўлиши мумкин. “Рубль курсининг кескин тушиб кетганини ҳисобга олсак, Россия банки асосий ставка бўйича қарор қабул қилиши керак бўлган 21 июлгача кутмасдан, уни эртароқ ошириши мумкин, деб ҳисоблайди мутахассислар.

Набиуллинанинг ўзи бундай прогнозларни эҳтиёткорлик билан изоҳлади: “Албатта, биз ставкани ошириш имкониятини тан оламиз, лекин бу бутун цикл эмас, балки бир марталик бўлади, барчаси биз таҳлил қиладиган вазиятнинг ривожига боғлиқ”.

Сбербанк президенти Герман Греф молиявий тизим барқарорлиги учун хавф туғдирмайдиган вазиятни баҳолашда Набиуллина гапларига қўшилди. У келажакда рубль бироз кучайиши мумкинлигини истисно қилмади:

Курс пўкакдир. Биз нархларга аралашишга уринаётган мамлакатлар иқтисодиётида қандай муаммо борлигини кўриб турибмиз. Бу пўкак ҳозирда юқорига кўтарилди: иқтисодиётнинг барча тармоқлари янги воқеликка мослашади ва қандайдир янги барқарорлик келади. Ишончим комил, курс кўтарилади, у ўтган йилги экстремал паст даражага тушмайди. Ҳеч қандай ғайриоддий нарса содир бўлмаяпти.

Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам аҳолини тинчлантирмоқчи бўлди. Унинг сўзларига кўра, рубль курсининг ўзгарувчанлиги мамлакатдаги иқтисодий барқарорликка таҳдид сифатида қабул қилинмаслиги керак. Биз ҳақиқатан ҳам тебранишларни кўрмоқдамиз: ҳақиқатан валюта курси ўсиб бормоқда, рубль тушмоқда. Аммо биз буни бир неча марта кўрганмиз - ва орқага қайтишлар бўлган.

Хўш, келажакда рублдан нимани кутиш керак? Ва валютани сотиб олиш ёки сотишга арзийдими?

Саросима, ваҳима тўлқинидаги ҳар қандай ҳаракат - одатда энг зарарли ҳисобланади. Агар сиз валютани алмаштирмоқчи бўлсангиз, иқтисодчилар буни қисмларга бўлишни тавсия қилади, шунда хато қилиш эҳтимоли камроқ бўлади.

Прогнозларга келсак, кўпчилик мутахассислар рублнинг янада фундаментал, яъни "адолатли" моҳиятига қайтиши ҳақида гапиришмоқда. Аммо буларнинг барчаси молиявий тизим барқарорлашуви ва сиёсий қўзғалишлар босилишига боғлиқ.

Интернет маълумотлари асосида Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.