Рулдаги масъулият: Тезлик эмас, қонун устувор бўлсин!

Автомобиль инсониятнинг энг буюк ихтироларидан бири. У бизга тезлик, қулайлик, эркин ҳаракат ва янги имкониятлар эшигини очди. Бир пайтлар оқилона бошқарганимизда у фаровонлик ва тараққиёт рамзи эди. Аммо бугун-чи? Бугун у тирбандликлар сабаб, бизнинг вақтимизга сўриб олаётган “темир қамал”га айланиб қолмоқда.

Тирбандлик

Йирик шаҳарларнинг ҳар кунги манзара: тўхтаб қолган машиналарнинг чексиз қатори, узун-юлуқ сигнал товушлари, тоқат синоатидаги ҳайдовчиларнинг асабий юз ифодалари... Бу ҳол кунига тахминан бир–икки соатгача чўзилиши мумкин. Бу эса ҳафтада 14 соат, ойда 56 соат, йилда эса 672 соат, яъни деярли 28 кун дегани. Демак, тирбандликлар йилига бир ойлик умримизни “еб қўйиши” мумкин экан.

9 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ўтказилган йиғилишда пойтахтдаги тирбандлик масаласига тўхталиб, ўзи ҳам шу муаммога дуч келгани ҳақида гапириб ўтди.

«Ўтган шанба-якшанба куни ўзим рулда юриб келдим. У йўлларда рулда кимлигини ҳеч ким билмайди, мен ҳам 15–20 дақиқа тирбандликда турдим, тургандаям яхшилаб турдим. Тошпўлатов (Ички ишлар вазирига қарата), тўғрими? Рулда менлигимни ҳеч ким билмасди, ҳамма билан турдим, нима қиламан? Кўчага чиқиб, эй, йўлни очиб бер, деб бақирмайман-ку. Эл қатори келдик», – деди Президент.

Давлат раҳбари одамлар шундай муаммо туфайли уйга жуда кеч қайтаётгани ва бу кайфиятига таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирди.

«Эл қатори машина билан турдим. Ўтиб бўлганимдан кейин вазирга телефон қилдим. Сен ўзинг келиб ўтгин қани. Одамлар кечаси уйига қайтиб келяпти, кайфияти ёмон томонга ўзгарадими ё ўзгармайдими? Битта масала, тўртта тасмали йўл билан кўприкка келиб, у икки тасмали бўляпти. Албатта, у шундай бўлади-да. Буни қилса бўладими, йўқми? Бемалол, қилса бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев. Президент тегишли масъулларга бу муаммони ҳал қилиш топшириғини бериб, кейинги, ҳаёт-мамот масаласига, кундан кунга қурбонлари сони ошиб бораётган йўлдаги авариялар мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

“ Ўтган йили 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу мудҳиш ҳодисаларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган. Энг ачинарлиси, авариялар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида. Жорий йилнинг олти ойида 20 та ҳудудда авариялар сони юқорилигича қолмоқда. Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак”, - деди Президент.

Албатта, бу фожиаларнинг ортида кўпинча инсоннинг ўзи, аниқроғи, масъулиятсиз ҳайдовчиларнинг қўли бор. Бу ҳалокатлар белгиланган тезликни ошириш, масофани сақламаслик, йўлда телефондан фойдаланиш, чарчоқ ҳолда рулга ўтириш ва ҳатто маст ҳолда ҳайдаш - буларнинг барчаси фақат ҳайдовчи учун эмас, балки атрофидаги юзлаб одамлар учун ҳам хавф манбаи. Аслида йўл - бу жавобгарлик майдони. Рулга ўтириш, бу фақат машинани эмас, балки ўзи ва бошқаларнинг тақдирини вақтинча “қўлга олиш” дегани. Аммо айрим “учар” ҳайдовчиларнинг "Менга ҳеч нарса бўлмайди", деган бефарқлиги, "Тезроқ етиб олишим керак", деган шошма-шошарлиги оқибатида юқоридаги каби қўрқинчли рақамлар ортиб бормоқда.

 Ривожланган мамлакатларда ҳайдовчи ким бўлишидан қатъий назар тасма тақиб, кейин ҳаракатланади. Машина бошқаришда қоидаларга эътибор беради. Бизда эса шу тасмани таққан ё қоидага риоя қилган - лаллайгану, олддагини қувиб ўтиб тез ҳайдаган, светофордан ўтиб кетишга улгурган - уддабурон, деган тескари тушунча бор, ҳарқалай аксариятида шу дунёқараш. Таассуфки, бугун катта йўлларда ҳам шундайлар кўпчилик. Қоидага риоя этиб, белгиланган тезликда секин ҳаракатланиб кўринг-чи, ёндан сиқиб, қувиб ўтиб, камига ишорали танбеҳ ҳам бериб кетади. Баъзан тўрт «полоса»ли йўлда ҳам, четда пиёдалар ҳаракатланяптими, бирор машина тўхтаб турибдими ёки кўприк устида ҳаракатланяпсизми, фарқи йўқ, улар фараларини ёқиб-ўчириб, йўл бер деб таҳдид қилгани-қилган. Шу ўринда ҳайдовчиларда бир ёмон одат борки, (айниқса, узоқ масофага қатновчиларда) машина ҳаракатланди, дегунча гўёки “вақтни ўлдириш” учун эрмакка телефонни қўлга олади, бу уларни рулдан чалғитмай қолмайди, баъзан бетон тўсиққа қараб кетиб қолади. Бу улар учун оддий ҳолдир, лекин ёнидаги йўловчини юрагини така-пука қилиши аниқ. Баъзи ёш ҳайдовчилар эса ўта таъсирчан. Рулга ўтирдими, мусиқани баланд қилиб, ўшанинг таъсирига тушади, машина бошқаруви ҳам ўша ритмга мослашади, йўлдаги чуқурларни «териш» илинжида қарама-қарши йўналишда ҳам ҳаракатланаверади. Қаршисида машина кўринса ҳам четга қочишга унчалик шошилмайди. Гўёки «шумахер» образида. Афсуски, бирор ҳодиса юз берса, энг аввало, жабрдийда йўловчи бўлиб қолади. Аксарият ҳолатларда ҳайдовчи авария вақтида ҳимояланиб қолади. Кўпчилик ҳодисалар ҳам буни тасдиқлайди. Йўлдаги баъзи ҳайдовчиларга хос олифтагарчилик, ҳовлиқиш, кибр ортидан келувчи фалокат жабрини оддий йўловчи тортади. Бирор ҳодиса юз бермаган тақдирда ҳам юқори тезлик, баъзи қўрқинчли ҳолатлар оқибатидаги стресс ёмон касалликларга олиб келмайди, дейсизми? Катта йўлда аксарият қоидабузарлар юқори тезликда ҳаракатланади. Қаерда радар бор, кўчмалари қаерга ўрнатилган, ҳаммасидан хабардор бўлиб туради. Уларда ўзаро тизимли алоқа мавжуд.

Қонун барча учун баробар лекин, жарималар-чи?

Жаҳон амалиётида бу орада чоралар қатъий, баъзи давлатларда жарима миқдори ҳайдовчининг даромадидан келиб чиқиб қўлланилади. Финландия ва Данияда тезликни оширганлик учун жариманинг максимал миқдори чекланмаган. Бу мамлакатларда жарима қоидабузарнинг йиллик даромадидан келиб чиқиб олинади. Буюк Британияда эса биздаги каби тезлик қанчага оширилганига қараб жарима миқдори ҳам катталашади. Қоидабузарлик камералар орқали қайд этилади ва инглизлар, одатда, 100 долларлик жарима билан қутуладилар. Аммо тезлик белгилангандан анча юқори бўлса, жарима ниҳоятда катта бўлиши ҳам мумкин. АҚШнинг Виржиния штатида ҳам тезлик меъёрига талаб қатъий қўйилган бўлиб, бор-йўғи 15 км/с.га тезликни оширганлик учун 2 минг 500 “кўк”идан санаб беришга тўғри келади. Дарвоқе, баъзи штатларда тезлик жуда ошириб юборилса, қамоққа тушиш ҳам ҳеч гап эмас. Франция, Швейцария, Италияда ҳам “учар”ларни ёқтирмайди. Бу ерда тезликни юқори даражада оширганлик учун 2 минг 100 еврога тушиш мумкин. Португалияда йўл полицияси мобил банкоматлар олиб юрадилар – жарима жойининг ўзида ундиради. Агар тўланмаса, машина бошқарувига қўйилмайди.Тезликни оширганлик учун жарима 1 минг 800 доллар туради.

Австралиянинг шаҳарларида ҳам камералар ҳеч кимни тинч қўймайди ва тезликни оширганда 850 доллар билан хайрлашишга тўғри келади. Германия, ҳатто Шумахер ватанида ҳам тезлик чекланган жойларда қоидабузарларни 623 евролик жарима ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлиш оқибати кутади. Қонунлар қатъийлиги ёки чўнтакни “ўпириб” кетадиган бундай жарималар сабаб, эҳтимол, бу мамлакатларда велосипедда юриш урф бўлгандир.

Бизда, шубҳасиз, тезлик учун жазо муқаррар. Жарималар тўлови кўпчиликни чўчитади, ҳушёр бўлишга ундайди, лекин айрим сердаромад шахслар учун бунақа чиқимлар ҳеч гап эмас эди. Бироқ энди ижтимоий тармоқларда авж олган “жаримани тўладим – демак, хоҳлаганимни қиламан” тушунчасига чек қўйилади.

Эндиликда Президент ташаббуси билан “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Шунингдек, тезлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиб, меъёрдан 2-3 карра тез юрганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилади. Шу аснода тизимли назорат, шаффоф маблағ тақсимоти, рақамлаштириш ва маданий ёндашув каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, тезликка мойил “учар”ларни жиловлаб, юз бераётган йўл ҳалокатларини камайтиришга хизмат қилади.

Жазо эмас, билим орқали

Машина рулидаги ҳайдовчининг ҳаракати, бу ўша шахснинг маданияти юзини кўрсатадиган индикатордир. Баъзилар қоидаларни бузишни "эркинлик", "мардлик", ҳатто "маҳорат" деб билади. Аслида эса бу каби қарашлар инсон ҳаётини таҳдидга солувчи энг хатарли иллатдир. Ҳайдовчилик маданиятини шакллантириш - қонун қабул қилиш ё жазо воситасида эмас, билим орқали ўргатилса янада барқарор ва самарали бўлади.

Албатта, йўлдаги ҳар бир ҳаракат, бу фақат қоидаларга эмас, аввало, тарбия ва маданиятга ҳам боғлиқ. Шу боис, йўл ҳаракати маданиятини шакллантиришни мактабдан бошлаш - келажакдаги ҳалокатларнинг олдини олиш демакдир. Чунки инсоннинг ҳаётга, қоидаларга, жамиятга бўлган муносабати айнан мактабда шаклланади. Болаларга йўл белгилари, пиёдалар ва ҳайдовчилар ҳуқуқлари, хавфсизлик қоидалари ҳақида мулоҳазали дарслар ўтилса, улар бу билимни ҳаёт тарзига айлантиради. Қоидалар асосида шаклланган онгида, йўлларда масъулиятли авлод вужудга келишининг асоси бўлади. Шу аснода ёш авлод онгида “шумахер” образи эмас, “намунали ҳайдовчи” феномени вужудга келади.

Шуҳрат Нормуродов.