“Сабр” ҳудудларда гендер ислоҳотларига кўмаклашяпти

“Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ва Немис Халқ ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги филиали ҳамкорликда “Фуқаролик жамияти иштироки орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларига кўмаклашиш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа 2024-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, Европа Иттифоқи ва Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан биргаликда молиялаштирилган.

Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳрида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

- Ушбу лойиҳа Самарқанд, Бухоро, Андижон, Сирдарё вилоятларидан танлаб олинган маҳаллаларда амалга ошириляпти, - дейди “Сабр” маркази директори Мавлудахон Ширинова. – Самарқанд вилоятидан Оқдарё туманидаги “Мустақиллик” ҳамда Ургут туманидаги “Мерганча” маҳаллалари танлаб олинган. Ушбу маҳаллаларда аҳоли сартарошлик, қандолатчилик, тикувчилик, каштачилик, компьютер саводхонлиги каби курсларга ўқитилди. Шунингдек, уларга инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги, бизнес ва режалаштириш асослари ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича тренинглар ўтказилди. Оқдарё туманида 92 нафар, Ургут туманида 106 нафар тингловчи касбий кўникмаларни эгаллади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида касбий йўналтирилган курслар битирувчиларининг бизнес-ташаббуслари икки циклли танлов натижасида қўллаб-қувватланган. Оқдарё туманида 10 нафар, Ургут туманида 15 нафар бизнес-ташаббуслар молиялаштирилиб, битирувчиларнинг бизнесларини бошлаш учун тикув машиналари, печлар, сартарош ускуналари ҳамда ноутбуклар совға қилинган.

“Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази 29 йиллик тажрибага эга нодавлат нотижорат ташкилотдир. Ташкилотнинг асосий мақсади қонун ҳужжатлари ва ижтимоий-иқтисодий инновацияларга мувофиқ, демократик қадриятлар асосида қишлоқ жойларда кам таъминланган қатламларга ёрдам кўрсатишнинг экстрементал моделини яратишдан иборат.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларга лойиҳа доирасида ҳали бажарилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.