"Самарқандим" - қалбга яқин, кўнгилларга озуқа берувчи журнал
"Самарқандим" - "My Samarkand" журналининг 3-сони чоп этилди. Таҳририят жамоасининг навбатдаги ижод маҳсули ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти тезкор акс эттирилган салмоқли журнал, яхши китоб-альбом бўлди.
Ростдан ҳам, журналнинг ҳар бир сони ўзига хос тарих сифатида китоб жавонимиздаги сара асарлар қаторидан ўрин олмоқда.
Бу галги сонда ҳам ЮНЕСКОнинг тарихий Самарқандда форумидан Марказий Осиё+АҚШ форматидаги учрашувларигача қисқа, лўнда қилиб ахборотлар берилган. Энг муҳими, Президентлар, нуфузли шахслар эътирофлари келтирилган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 25 ноябрда вилоятимизга ташрифи тафсилотлари, Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон кубоги мусобақасида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоровнинг ғалабаси ва бу борада давлатимиз раҳбарининг эътирофи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Лондонда инсҳвесторлар билан учрашуви юқори савияда журнал ўқувчилари эътиборига ҳавола этилган.
Журнал Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг "Самарқанд сабоқлари" ҳамда шоир Шуҳрат Орифнинг "Самарқанд" шеърлари, Манчестер университети докторанти, ўзбекнинг зиёли қизи Нафиса Абдуллаеванинг "Тафаккур эркинлиги", Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети катта ўқитувчиси Исломхон Гафаровнинг "Америка Президентлари: тарихлар, тақдирлар, таҳлиллар, тадқиқотлар" каби мақолалар билан янада бойитилган.
Журнални қўлига олган киши таниқли драматург, Ўзбекистон халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев хотираси ҳақидаги туркум мақолаларни, Ургутда очилган "Абдусаид Кўчимов кутубхонаси"нинг ибратли жиҳатларини, профессор Ҳалим Саидовнинг "Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Дукчи Эшон қўзғолони" мақоласида ёзилган яқин тарихимизнинг биз билмаган воқеаларини, албатта, ҳаяжон билан ўқийди.