Шайбонийлар сулоласи ёдгорлигининг сирли тақдири
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси археология жамғармасида сақланаётган Шайбоний шаҳзода Абу Саид Баҳодирхон ўғли Султон Саид Баҳодирхонга тегишли қабртошнинг бир бўлаги Франциянинг Лувр музейида сақланмоқда.
2022 йилда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси археология жамғармасида Шайбонийлар сулоласи вакили Абу Саид Баҳодурхон ўғли Султон Саид Баҳодурхонга тегишли қабр тошининг бўлаклари сақланиши ҳақида мақола тайёрлагандим.

Яъни, бир бутун қабртошнинг икки бўлаги ҳажми баландлиги 40 сантиметр, узунлиги 132 сантиметр, қалинлиги 36,5 сантиметр бўлиб, кирим китобларидаги таснифида “1930 йилгача келиб тушган”, дея қайд этилган.
Қабртошлар Самарқанд музейига олиб келингунга қадар 5 йил мобайнида Самарқанд шаҳри Петровский кўчаси 31-уйда Недигер исмли аёл хонадонида сақланган. Бу вақт ичида турли коллекционерлар уй эгаси билан қабртошларни сотиб олиш учун савдолашган.
Қабртош ҳақидаги овозалар Самарқанд ҳарбий губернаторига етиб боргач, Самарқанд шаҳар 3-участка пристави Мўминжон Муслимжонов қабртошларнинг ўғирланиб, Петровский кўчаси 31-уйга олиб келиниши юзасидан 1905 йил 5-6 август кунлари суриштирув ўтказади ва далолатнома тузади. Далолатномага кўра, уй эгаси маълум қиладики, қабртошларни вақтинча унинг уйида сақлаган шахс Туркистон генерал-губернаторлиги дипломатия бўлими собиқ амалдори А.Половсев бўлган. Қабртошларнинг сақланиб қолган қисмлари Самарқанд музейига олиб келинади. Бироқ Самарқанд музейида сақланаётган қабртошнинг айрим қисмлари етишмайди. Хусусан, бурчак ён томони ва қорин қисмида иккита катта бўлак синдириб олинган.
Ўшанда қабртошнинг қолган бўлаклари қаерда эканлиги номаълум эди, аммо яқинда унинг бир бўлаги Франциянинг Лувр музейида эканлиги маълум бўлди.
Қабртошнинг Луврдаги бўлаги қуйидагича тавсифланади: Абулғозий Султон Баҳодирхон. 1530/1533 (XVI асрнинг иккинчи чораги). Самарқанд. Ашё рақами: МАО 342. Ислом санъати бўлими.

Лувр музейининг электрон каталогидаги қайдларга кўра, ашё 1950 йилда Франциядаги коллекция йиғувчи машҳур оила вакили ва “Гиме музейи” мулкдори Гиме Эмил Этен томонидан Лувр музейининг Шарқ қадимияти бўлимига топширилган. Лувр музейидаги мазкур қабртош бўлаги бир неча марта халқаро кўргазмаларда намойиш этилган. Бу қабртош бўлагининг Гимелар оиласи қўлига қандай тушиб қолганлиги алоҳида тадқиқот талаб этади.
Султон Саид Баҳодирхонга шайбонийлар тахтига ўтириш насиб этмаган. Аммо унинг отаси Абу Саид Султон 1530-1533 йилларда шайбонийлар сулоласини бошқарган.
Маҳмудхон Юнусов,
музейшунос тадқиқотчи.