Садриддин Айний ҳақида билмаганларимиз аён бўлмоқда. Тўртинчи мақола
Бу парча ижтимоий адолатсизлик ҳукм сурган тузумдаги ҳақиқий аҳволни ва унга бўлган ижодкор муносабатини кўрсатувчи характерли мисолдир.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлигига кўра, ХIХ асрда хонликлар ўртасидаги парокандалик, бир-бирига нисбатан адоват нафақат сиёсий жиҳатдан, шу билан бирга, маданий ва маърифий жиҳатдан ўлканинг хароба бир аҳволга келиб қолганлигини тасдиқлайди.
Чор армияси 1865 йил Тошкентни, 1868 йил Самарқандни истило қилди. Орадан 52 йил 4 ой ўтгач, ярим мустамлака бўлса-да, ўзича сиёсат юритаётган амирликни тугатишга қарор қилинади. Ўз вақтида Шарққа юриш бошлаган икки катта империя – рус чоризми ва Англия ўртасида ихтилоф чиқмаслиги учун Бухоро ва Афғонистон амирликларининг мустақиллигини "буфер" ҳудуд сифатида вақтинча сақлаб қолган эдилар. Бироқ ҳар икки империя амирликни ўз таъсир доирасига тортиш учун турли хил ислоҳотлар воситасида зимдан ҳаракат қиларди. С.Айний жадидчиликнинг татар, А.Фитрат турк мактабига яқин бўлган. Бир муддат татар мактабида таржимон ҳам бўлиб ишлайди. Татар ва турк мактаблари ўртасида анча тафовутлар мавжуд.
Садриддин Айний икки тузумда яшади. Бадиий асарларида асосан, ўтмиш мавзуи қаламга олинади. Янги тузум акс этган бобларда аниқ эсда қоладиган бирор бир ёрқин характерни кўрмаймиз. Ўтмиш ҳаёти ёзувчи учун битмас-туганмас "қайнар хумча". Ўтмиш мавзусида ёзувчининг қалами равонлашади, тарих тилга киради, мозий кино тасмасидек, кўз ўнгимиздан ўта бошлайди. Қиёслашлар ҳаётий, конкрет. Ўйлаб топилган, ўқувчига мавҳум тушунча, таққослаш, ибора, ҳолат, манзара учрамайди. Ўхшатишлар, тасвирий воситалар қаҳрамонларнинг касб-коридан, кундалик турмушида кўриб, ишлатиб юрган нарса, буюм, тушунчалардан олинадики, бу характер қиёфаларини очишда, таъсирдорликни кучайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Янги характернинг пайдо бўлиши янги асардан дарак беради. "Эсдаликлар"да бир-бирига ўхшамаган, бир-бирини такрорламайдиган, кўриниши, кийиниши, феъл-атвори ўзига хос юзлаб характерларни кўрамиз. Характерларнинг ёрқинлиги, портретларнинг тиниқлиги, руҳий ҳолатларнинг психологик асосланган ва ҳаётийлиги "Эсдаликлар"га бадиий асар сифатида қарашга ундайди. Бу асарда тарихий ва бадиий ҳақиқат деган тушунчалар ягона бир нуқтада бирлашиб, яхлитлик касб этганлиги туфайли 120-130 йил олдинги Бухорога кириб борасиз. Мана, Арк, Регистон майдони, мадрасалар, савдо расталари, Лаби Ҳовуз, Минораи Калон... "Эсдаликлар" қаламга олинган ҳаётнинг кўламдорлиги, универсаллиги, эстетик таъсирдорлиги, ҳаққонийлиги билан муҳташам эпопеянинг эскизларини эслатади.
"Судхўрнинг ўлими", "Эски мактаб", "Эсдаликлар" – мутафаккир рассомнинг шоҳ асарлари. Булар шунчаки музей деворига осилган жонсиз суратлар эмас. Унда ХIХ асрнинг жабру жафоларини, андуҳу аламларини елкасига ортиб, нураётган салтанатнинг харобалари аро адолат ва иймон излаб, ХХ асрнинг жинкўчаларига кириб бораётган ижодкорнинг ўйчан, нуроний қиёфаси акс этган.
Садриддин Айнийнинг энг муҳим хизматларидан бири шундаки, у ўзбек ва тожик реалистик прозасининг шаклланиши ва ривожига муносиб улуш қўшди. Шўро замонида адабиётга қўйилган талаблар билан барча даврларга бирдек хизмат қила оладиган асарлар яратиш камдан-кам ижодкорга насиб қилди. С.Айний, шубҳасиз, шундай ижодкорлар сирасига мансуб.
Шавкат ҲАСАНОВ,
филология фанлари доктори.