Саҳифаларга сочилган сабоқлар
Археолог олим, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Амриддин Бердимуродовнинг навбатдаги китоби шундай номланди.
Олимнинг эллик йилдан ортиқ вақтдан буён юртимиз тарихининг турли даврларини ёритишга бағишланган эссе, суҳбат ва публицистик мақолалари жамланган китоб Тошкентдаги “Саҳҳоф” нашриёти томонидан чоп этилди.
Шу пайтгача Амриддин аканинг Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз маънавий мероси, Самарқанд ўтмиши билан боғлиқ бир нечта китоблари, тадқиқот ишлари эълон қилинган. Уларнинг ҳар бири маълум бир йўналишларда ёзилган, муҳим тадқиқот ишлари натижалари баён этилган, улуғ аждодларимиз ҳарбий-сиёсий, илмий-маърифий фаолияти, бунёдкорлик ишларига эътибор қаратилган. Бу галги китобда эса муаллифнинг ўз илмий-педагогик фаолияти давомида даврнинг долзарб масалалари юзасидан газета ва журналларда, интернет нашрларда берилган мақолари жамланган. Уларда қадимда юртимизга бостириб келган Александр Македонский, Чингизхон ва Чор Россияси қўшинларига карши курашган қаҳрамон аждодларимиз ҳақида ҳикоя қилинган. Амир Темур ва темурийлар даврида Туронда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, юксак илм-фан, санъат-маданият, Темурийлар ренессанси ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Китобдаги айрим мақолаларда кўтарилган мавзулар моҳиятини ўқувчи англамаслиги мумкин ёки улар учун қизиқарли бўлмас. Шунинг учун китоб нашр этилишидан олдин, Амриддин акага “айрим мақолаларни қолдириш керакмикан” деганимда у киши “Тўғри айтяпсиз, бугун баъзи гапларнинг аҳамияти қолмаган бўлиши мумкин, лекин ўтмишни ўрганиш, ундан хулоса чиқариш нуқтаи назаридан бугунги ва келгуси авлодлар бу тарихни ҳам билсалар зарар қилмайди” деганди.
Бу фикрларни китоб аввалида ҳам муаллиф алоҳида қайд этган: “Ҳар бир
даврнинг маълум шарт-шароитлари ва тузуми туфайли шаклланган, фақатина ўзига хос руҳи бўлади. Шу сабабли ўша даврда яшаётган одамлар шу руҳиятга мослашадилар. ХХ асрнинг 85-90-йиллари ўз руҳи билан бошқа йиллардан яққол ажралиб турарди. Сабаби, собиқ СССРда яшовчи барча халқлар маънавий ва сиёсий жиҳатдан уйғонган, шу сабабли улар жунбишга келган, одамлар йиллар давомида йиғилиб қолган дардлари, армонлари, орзу-истакларини рўй-рост айтаётган, ёзаётган давр эди. Мен ҳам ўша даврнинг руҳидан илҳомланиб, газета ва журналларда анчагина мақолалар ёзганман. Бу мақолаларим мавзу жиҳатидан ҳар хил бўлса-да, ўз даврида анча долзарб бўлган муаммоларга бағишланган эди”.
Муаллифнинг ана шундай мақолаларидан бири 1990 йил 3 августда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Топталган мерос” номли мақоласи эди. Унда аждодларимиздан қолган, археологик тадқиқотлар натижасида топилган буюк мерос гўёки ўрганиш ва тадқиқ этиш ниқоби остида, кўп ҳолларда, очиқ-ойдин талон-торож қилиниб Москва ва Ленинград музейларида олиб кетилгани, ҳатто, хорижга сотиб юборилгани баён этилган. Бунинг олдини олиш учун мамлакат раҳбарияти, халқ вакиллари бўлган депутатлар олдига аниқ саволлар қўйилган.
Китобдан ўрин олган “Улуғларимизни қачон улуғлаймиз?”, “Меросни қайтариш – ишнинг ярми”, “Оққинам, оппоққинам”, “Икки бошли бургут ҳамласи”, “Хотирамизнинг умри қисқами?” сарлавҳали мақолаларда ҳам даврнинг нозик масалалари қаламга олинган ва улар ўз вақтида жамиятда катта акс-садо берган эди.
Умуман, Амриддин Бердимуродовннинг навбатдаги китоби ҳам ўқувчини тарихимиз ва бугунги кунимиз, келажак ҳақида ўйлашга, аждодларимиздан фахрланишга ҳамда уларга муносиб бўлишга ундайди.