Саломатлик акцияси – беморлар дардига даво
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остидаги саломатлик акцияси Самарқандда ҳам ташкил этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг ижросини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “темир дафтар”га киритилган аҳолига юқори технологик замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкиллаштирилган акцияда 329 нафар малакали тиббиёт ходими, жумладан, вазирлик таркибий тузилмалари раҳбарлари, пойтахтдаги тиббиёт олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий шифокорлар сафарбар қилинган.
Текширувлар “маҳаллабай” ўтказилиб, ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари билан таъминланмоқда. Жарроҳлик амалиёти ўтказишга муҳтож беморлар ихтисослашган марказларда ётқизилиб, малакали мутахассислар иштирокида жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Жумладан, “темир дафтар”га киритилган оилаларда яшовчи 10 нафар бемор республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида жарроҳлик амалиётидан ўтказилди.
- Марказимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасида эндопротезлаш муолажасини олиши зарур бўлган беморларда акция доирасида бепул жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда, - дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Шавкат Равшанов. – Эндопротезлаш юқори ихтисослашган жуда кўп маблағ талаб этиладиган жарроҳлик амалиётлари сирасига киради. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бундай жарроҳлик амалиётлари учун етарли маблағга эга эмас. “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остидаги саломатлик акцияси ана шундай беморлар дардига дармон бўлишга қаратилган.
Тойлоқлик А.Очилов 2015 йилда эҳтиётсизлик оқибатида ўнг оёқ чаноқ соҳасидан оғир тан жароҳати олган. Оила боқувчиси тўшакка михланиб, оилада молиявий қийинчиликлар юзага келди. Зарур тиббий муолажалар ўз вақтида амалга оширилмади. Оқибатда А.Очилов мустақил ҳаракат қила олмай қолган. Акция доирасида бу фуқаро ҳам эндопротезлаш жарроҳлик амалиётини ўтказиб, яна оёққа турди.
- Бир неча миллион сўм маблағ талаб қилинадиган операция давлат томонидан бепул амалга оширилди, - дейди Акбар Очилов. – Бунинг учун давлатимиздан, шифокорлардан миннатдорман. Бир-икки ой ичида тўлиқ тузалишимни айтишмоқда. Яна соғлом ҳаётга қайтганимдан хурсандман.
Таъкидлаш жоизки, акция давомида эндопротезлаш жарроҳлик амалиётлари билан бирга буйрак трансплантацияси, юракка стент ўрнатиш каби энг мураккаб ва кўп маблағ талаб этилувчи жарроҳлик амалиётлари тиббий кўрсатмага қараб, вилоят ёки пойтахтимиздаги энг нуфузли тиббиёт муассасаларида бепул амалга оширилиши мўлжалланган.
Алишер Исроилов.