"Samarkand Half Marathon 2020" 1 декабрга қадар давом этади
Самарқанд шаҳрида "Samarkand Half Marathon-2020" доирасида ўтказилган шаҳар ва клублар ўртасидаги мусобақаларнинг якунлари ҳамда мусобақанинг ташкилий ишлари сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Самарқанд хайрия яриммарафони ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова яриммарафон мақсад ва вазифаларига мос ўтказилганлиги, натижалари, келгусидаги режалар бўйича маълумот берди.
- Бу йилги яриммарафон пандемия сабаб анъанавий ва онлайн тартибда ташкил этилган бўлса-да, унга қизиқиш жуда юқори бўлди, - деди А.Абдуҳакимов. – Ўтган йил илк бор ўтказилган мусобақада 1200 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган бўлса, жорий йил иштирокчилар сони 3000 нафардан ошди. Энг муҳими, мамлакатимиздан ташқари дунёнинг 35 давлатидан профессионал спортчилар, ҳаваскорлар Самарқанд яриммарафонида қатнашди. Мусобақа айни пайтда ҳам онлайн давом этмоқда. Эътиборлиси, иштирокчилар томонидан мусобақа муддатини узатириш бўйича таклифлар билдирилмоқда. Шуни инобатга олиб, ташкилотчилар билан келишган ҳолда Самарқанд яриммарафонини жорий йилнинг 1 декабрига қадар давом эттирамиз.
Матбуот анжумани доирасида мусобақанинг шаҳар ва клублар ўртасида ташкил этилган баҳслари ғолиблари тақдирланди. Якуний натижаларга кўра, клублар ўртасидаги баҳсда “Тошкент Ранерс” клуби ғолибликни қўлга киритган бўлса, Sporty family клуби иккинчи, “Туризм Ранерс” клуби учинчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг энг яхши югурувчилар шаҳри баҳсида Тошкент шаҳри биринчи, Душанбе шаҳри иккинчи ва мезбон Самарқанд шаҳри учинчи ўриндан жой олди.
Матбуот анжумани доирасида яриммарафондан тушган маблағлар сарфланиши бўйича ҳам маълумот берилди. Ташкилий қўмита хайрия маблағлари ҳисобидан фақактгина Тошкент шаҳрида эмас, балки Самарқандда ҳам аутизмга чалинган болалар учун бадиий устахона ташкил этишга қарор қилинганини маълум қилди.
Матбуот анжумани якунида Samarkand Half Marathon инклюзив муҳит, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, айниқса спорт туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган халқаро спорт брендига айланаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.