“Самарқанд – 3000 йиллик мерос”
ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихини илмий жиҳатдан баҳолаш ва унинг инсоният тамаддунидаги ўрнини кенг ёритиш мақсадида шу мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон-Франция халқаро археологлар ассоциацияси аъзолари, мамлакатимиз ва хорижлик археолог, тарихчи олимлар иштирок этди.
Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси креатив иқтисодиёт ва туризм масалалари департаменти директори ўринбосари Элмурод Нажимов, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Ассомо, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, Самарқанднинг азалдан Шарқ ва Ғарб тамаддуни кесишган, фан, ҳунармандчилик, савдо ва меъморчилик ривожланган, маънавият ва маданият маркази бўлиб келганини таъкидладилар. Кейинги йилларда бу қадимий шаҳар тарихини ўрганиш борасида олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар натижасида Самарқанднинг ўтмиши билан боғлиқ янги маълумотлар аниқлангани, бу эса нафақат ушбу кент, балки минтақа халқлари шаҳарсозлик маданияти, давлатчилик тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.
Конференцияда археолог ва тарихчи олимлар бу ерда олиб борилган тадқиқотлар шаҳар ҳудудидаги илк аҳоли манзилгоҳлари милоддан аввалги икки минг йилликка бориб тақалишини кўрсатаётганини алоҳида таъкидлашди.
– Археологик қазишмалар жараёнида Самарқанддаги Кўктепа, Афросиёб ва бошқа ёдгорликларда қадимги шаҳар маданиятига оид турли архитектура иншоотлари, хўжалик ва диний бинолар, моддий маданият намуналари аниқланган, – дейди профессор Темур Ширинов. – Бу топилмалар Самарқанд ва унинг воҳасида шаҳар цивилизацияси узлуксиз ривожланганини кўрсатмоқда. Жумладан, тахминан 40 гектар майдонни эгаллаган Кўктепа мутахассислар томонидан монументал иншоотлар ва мудофаа деворларига эга шаҳар деб ҳисобланади. Бу ерда гувалак ғиштлардан қурилган бинолар, ибодатхона топилган. 1990 йилда Афросиёбдаги 27-қазувда ўзбек археологи М.Тўрабеков гувалак ғиштлар ва бўялган сополдан ясалган мудофаа деворини топди. Кейинчалик француз археологи Франс Грене Афросиёбда топилган бўялган сопол парчаларини милоддан аввалги Х–VIII асрларга тегишли деб ҳисоблади. Аммо археолог М.Исомиддинов бошчилигидаги тадқиқотлар давомида биз кенглиги 7 метрдан ортиқ бўлган гувалак ғиштларидан ясалган улкан мудофаа деворини топдик. Унинг остида бўялган керамикадан иборат аввалги, тенг даражада улкан мудофаа девори топилди. Афросиёб даврига оид бу археологик мажмуа милоддан аввалги Х–VIII асрларга оид деб аниқланган. Шундай қилиб, Кўктепа ва Афросиёбнинг энг қадимги маданий қатламларида бир хил археологик мажмуалар, хусусан, ғиштлардан қурилган мудофаа девори топилган.
Муҳокамалар давомида Афросиёб ва Кўктепа археологик ёдгорликларда халқаро ҳамкорлик доирасида олиб борилган тадқиқотлар натижалари таҳлил қилиниб, бу борадаги ишларни давом эттириш зарурлиги билдирилди.
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Ассомо Самарқанднинг тарихи ва маданий меросини кенг кўламда ўрганишда давом этиш, уларни ҳужжатлаштириш кераклишини таъкидлади ҳамда 2026 йилда Самарқандда маданий мерос бўйича халқаро илмий конференция ўтказишни таклиф қилди.