Самарқанд адвокатларига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи этиб кўп йиллар прокуратура органларида фаолият юргизган, кейинги 20 йил давомида “Боғишамол” адвокатлар ҳайъати адвокати вазифасида ишлаб келган Тоҳир Қодиров тайинланди.

Шу муносабат билан Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Содиқов тўпланганларни Тоҳир Қодиров бошқарма раиси сифатида тасдиқланганлиги ҳақидаги буйруқ билан таништирди.

“Аслида ҳудудий бошқарма раисини тасдиқлаш Республика Адвокатлар раиси ваколатига киради. Аммо Самарқанд адвокатларининг тизимдаги ўзига хос ўрнини ҳисобга олиб, раҳбарият бошлиқ тайинлаш борасида вилоят адвокатлари фикрини билишга қизиқди. Шу мақсадда вилоятда йиғилиш ўтказилиб, уч нафар номзод овозга қўйилди. Улардан кўп овоз олган икки нафари Республика Адвокатлар раиси Алим Эрназаров суҳбатига таклиф этилди. Улардан бири Тоҳир Қодиров эди ва унинг малакаси ҳамда тажрибаси инобатга олиниб, раис сифатида тасдиқланди”, –  деди Ш.Содиқов.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Шуҳрат Узоқов йиғилишда сўзга чиқиб, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг янги раҳбари ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориб, аҳолининг ҳуқуқий ҳимояси йўлида адвокатлар корпусини жипслаштиришига ишонч билдирди.

Тоҳир Қодиров ўзига билдирилган юксак ишончни оқлашга, зиммасага юклатилган масъулиятли вазифани бутун жамоа билан шараф билан уддалашга ваъда берди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ.