Собиқ адвокат яна жиноят йўлини танлади

Одил узоқ қариндоши Содиқ акага маслаҳатли гап айтди:

- Россияда ишлаб юрган пайтларим жўнатган 10 минг АҚШ долларимни хотиним ва қайнонам ишлатиб юборган. Хотиним билан ажрашяпман, улардан пулларимни ундириб олмоқчиман, бирор таниш адвокатингиз бўлса...

Содиқ аканинг хаёлига биринчи келгани қўшниси Абдураҳим бўлди.

- Бор албатта, - деди у жонланиб, сени бир киши билан таништириб қўяман.

Ўзини адвокат деб таништирган Абдураҳим Одил билан гаплашгач, хотини билан ажрашишида ҳам, пулларини қайтариб олишда ҳам ёрдам беришини айтиб, бу ишни унинг фойдасига ҳал қилиш учун кетадиган харажатларни тезда ҳисоб-китоб қилиб берди:

- Хизмат ҳақига 100 АҚШ доллари, давлат божи учун 446 минг, почта харажатларига 16 минг, ФХДЁдан болангизнинг гувоҳномасини олишга 56 минг сўм керак бўлади.

Одил айтилган тўловларни қилди. 100 АҚШ доллари ва 300 минг сўм пулни олдиндан хизмат ҳақи учун Абдураҳимга берди.

Орадан бироз вақт ўтди, аммо “адвокат”нинг иш бўйича бирор ҳаракати сезилмади. 2020 йилнинг бошларида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида О.Абдуғаниевнинг иши кўрилиб унинг аризаси суд томонидан рад этилди. Судда у кутган натижа чиқмагач, адвокатидан нега бандай бўлганини сўради.

- Энди ишни апелляция, кассация ва бошқа йўллар орқали ҳал қиламиз, - деди Абдураҳим бепарво. Бу гап билан мижозини ҳовуридан туширди.

 Июнь ойининг бошларида Одил адвокатидан турмуш ўртоғидан ажрашиш, мол-мулкни бўлишиш ва боласини кўришга ариза ёзишда ёрдам беришини сўради. Аммо бу ишлар билан шуғулланишга ўзининг вақти йўқлиги сабаб унга синглиси Дилнозага учрашишини айтди. Дилноза Одил билан гаплашганида, “Бу учта йўналиш бўйича ариза ёзишда ёрдамлашиш 200 АҚШ доллари бўлади”, деди адвокат.

13 июнь куни Жомбой тумани “Шайман” деҳқон бозори автотураргоҳи олдида Дилноза унга акасининг паспорти ва пулларни олиб келганини айтди.

- Майли беринг, ишни сизларнинг фойдангизга ҳал қилишни бошлайман, - деди-да, пул ва паспортни олиб, машинаси томон юрди...

Абдураҳимнинг суд ишига ҳеч қандай таъсир ўтказмаётгани, ҳатто бу иш билан умуман шуғулланмагани Одил ва унинг синглисида шубҳа уйғатаётган эди. Айниқса, сўнгги марта учрашганида тап тортмай турли важлар билан улардан пул талаб қилиши сабр косасини тўлдирди. Оқибатда бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.  

2 миллион сўм пулни олиб машинасига ўтираётган собиқ адвокат қўлга олинди.

Абдураҳимни адашган деган одатий баҳона билан оқлаб бўлмайди. У аввал ҳам жиноятга қўл урган, тайинланган жазони ўтаб бўлмаган ҳам эди. Афсуски, бундан тўғри хулоса қилмаган А.Пардаев яна фирибгарлик йўлига кирди ва унинг жиноятига қонун доирасида жазо тайинланди.

 

Зафар ҚОБИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани суди девонхонаси мудири.