Самарқанд давлат чет тиллар институти ШҲТ саммити учун 400 нафар кўнгилли таржимон рўйхати шакллантирилганини маълум қилди

Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити иштирокчиларига таржимонлик учун СамДЧТИ томонидан 400 нафар кўнгилли таржимон рўйхати шакллантирилган. Бу ҳақда институт ахборот хизмати хабар берди.

Уларнинг 200 нафари профессор-ўқитувчи, 200 нафарини эса талабалар ташкил этади. Бундан ташқари, 110 нафар талаба захира рўйхат сифатида, таржимонлар гуруҳи рус, хитой, инглиз, немис, француз, итальян, испан, япон, корейс, араб ва турк тиллари бўйича шакллантирилган.

Кеча Самарқанд давлат чет тиллар институтида саммит доирасида ташриф буюрадиган хорижий делегациялар ҳамда хорижлик кузатувчиларга таржимон сифатида ҳамроҳлик қилувчи профессор-ўқитувчиларнинг тайёргарлиги муҳокама қилинди.

Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетидан мутахассисларни жалб этган ҳолда жорий йилнинг 8-12 август кунлари Самарқанд давлат чет тиллар институтида кўнгилли таржимонлар учун махсус ўқув курси ташкил этилиши белгиланган.