Самарқанд давлат тиббиёт университетида 2023 йилда қандай ишлар амалга оширилди?

СамДТУда йил давомида илмий, амалий, таълим ва ташкилий ишларда кўплаб ютуқларга эришилди. Жумладан, университет қошида замонавий, 7-авлод роботлари билан жиҳозланган симуляцион марказ ва Л.Исаев номидаги микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти очилди. Бундан ташқари, талабалар учун хусусий шериклик асосида замонавий ётоқхона қуриб фойдаланишга топширилди.

Университетда амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтинги ҳисобланган Times Higher Education эълон қилган 2023 йил учун Импаcт рейтингида (THE Impact Rankings 2023) мамлакатимизнинг 30 та олий таълим даргоҳи қаторида Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳам эътироф этилди ва олийгоҳ ушбу рейтингдан республика олий таълим муассасалари ичида 10-ўринни ўрин эгаллади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, университет халқаро рейтингда UniRank тизимида Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни қайд этди.

Таълим соҳасида талабаларга бир қатор енгилликлар, янги имкониятлар яратилди. Бу эса талабаларнинг нафақат вилоят ва республика, балки халқаро миқёсдаги танлов ва мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишига замин яратди. Шунингдек, йил давомида Самарқанд давлат тиббиёт университети кўплаб республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар, олимпиада ва талабалар ёзги мактабларига мезбонлик қилди.

Университет халқаро ҳамкорлик борасида ҳам катта қадам билан юриш қилиб, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Хусусан, 2023 йилда Самарқанд давлат тиббиёт университети жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари, жумладан, Ҳиндистон, Италия, Россия, Польша, Корея Республикаси, Германия, Туркия, Беларусь, Хитой ва АҚШ давлатларининг таълим муассасалари ва клиник базалари билан ҳамкорликда 40 дан ортиқ меморандумларни имзолади.

Халқаро ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурларини амалга оширишда ҳам катта ютуқларга эришилди. Шу билан бир қаторда тиббиётнинг замонавий соҳалари ҳисобланган косметология, биоинженерия, биоинформатика ва менежмент, соғлиқни сақлаш менежменти йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари амалга оширилди. Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб Германиянинг ОПАСCА ташкилоти билан “Ҳамширалик иши” йўналиши бўйича "2+1" шаклидаги дастурни амалга ошириш, АҚШнинг Вэбстер университети билан тиббий биология ва олий ҳамширалик бўйича малакали мутахассисларни Америка стандартлари асосида тайёрлаш борасида келишувга эришилди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари ва тиббий ходимлари йил давомида хорижий мамлакатларда академик мобиллик доирасида малака оширди. Амалий тиббиётда ҳам университетда кўплаб ютуқларга эришилди. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникасида Истанбул шаҳридаги “Медиcал Парк” тиббиёт маркази билан ҳамкорликда жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.