Самарқанд фақат Регистондан иборат эмас ёхуд ер юзининг сайқали туристик салоҳиятига бир назар

Дунёнинг исталган мамлакатига бориб, “Самарқандданман” деб айтсангиз ўзгача ҳурмат ва ҳавас билан қарши олишади. Бу заминда бўлганини гапиради ёки бориш орзусида эканини айтади. Ана шундай пайтда бежиз Самарқанд инсон умри давомида бир марта бўлса-да бориб кўриш шарт бўлган шаҳарлари қаторида эътироф этилмаганини англайсиз. Бўлмаса, дунёда мамлакат камми, шаҳарлар камми? Самарқанд ана шу минглаб шаҳарлар қаторида элликтадан биттаси. Буям бир неча йил олдинги эътироф. Балки бугун Самарқанд йигирмата, ўнта энг эътибордаги шаҳарлар қаторидадир.

Майли, буниси ўз йўлига. Лекин айни чоғда Самарқанд чиндан ҳам дунёнинг йирик маданият, маърифат, сиёсий мулоқотлар марказига айланмоқда. Ва табиийки, бу ерга келувчи сиёсий арбоблар, олиму уламолар, сайёҳлар ҳар қачонгидан кўпайган. Энг муҳими, улар борадиган манзиллар бугун фақат Регистон ва Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбараси ва Ҳазрати Хизр масжиди, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуаларидан иборат эмас, ўнлаб, балки юзлаб объектлар бор. Уларнинг барчаси бориб кўришга, зиёрат қилишга ва завқланишга арзийди, диди нозик ҳар қандай инсонни ҳайратлантиради.

Туризм йил давомида

Шу пайтгача Самарқандда баҳор ва куз ойларини сайёҳлик мавсуми ҳисоблашарди. Сабабини сўрасангиз, бу вақтда ҳаво салқин ва саёҳат учун қулай бўлади, хорижликлар асосан шу пайтни танлайди, деб жавоб беришарди. Аммо бу гапга ишониш қийин, шундай гаплар билан ўзимизга тасалли берганмиз, холос. Миср доим иссиқ бўлса-да сайёҳлар эҳромларни кўриш учун йилнинг тўрт фаслида ҳам бу сеҳрли ўлкага боришади-ку. Ёки Осиё мамлакатларида ёз ойлари биздаги каби жазирама бўлмайдими, Европа ва Америкада қор ёғмайдими, ёмғирлар мавсуми йўқми? Бор, албатта. Зиёрат учун, саёҳат учун ҳар бир фаслнинг ўзига яраша гўзаллиги, фойдалана олсангиз, қулайлиги мавжуд.

Шу  йилнинг баҳор ойлари эди. Ургутдаги "Терсак" туризм қишлоғи ҳақида мақола тайёрлаш учун бу гўзал гўшага борганимизда франциялик сайёҳларни учратдик. Аксарияти кекса ёшли кишилар бўлгани учун “ҳозир тоғларимизда кўп ёмғир ёғяпти, бундай вақтда кўнгилдагидек саёҳат ҳам қилолмаётгандирсизлар”, деб сўрадик улардан.

– Биз шунинг учун саёҳатга келдик-ку, – деди улардан бири кутилмаганда. – Ўзбекистоннинг табиатини яхши биламиз, қолаверса, ҳозир қачон, қаерда, қандай об-ҳаво кузатилишини ҳам бир неча кун олдин билиш мумкин. Саёҳат учун фақат қуёшли, салқин пайт бўлиши шарт эмас, Ўзбекистоннинг гўзал табиатидан ҳар қандай шароитда баҳра олиш мумкин. Бизга шуниси ёқади.

Тўғри-да, тўрт фасли бирма-бир намоён бўладиган юртлар дунёда кўп эмас. Не бахтки, Ўзбекистон ана шундай ўлка. Йилнинг тўрт фасли ҳам ўз вақтида, ўз ўрнида келади. Шунинг учун бугун юртимизда сайёҳликка мавсумий деб қараш тушунчаси йўқолмоқда.

Ўн йил олдинги билан таққосласак, фарқ жуда катта бўлиши табиий, яқин йилларга назар солайлик. Маълумотларга кўра, Самарқандга пандемиядан олдин, 2019 йилнинг биринчи ярмида 198 минг нафар хорижлик, 1 миллионга яқин маҳаллий сайёҳ келган экан. Бу йил эса 114 давлатдан 240 минг нафардан ортиқ чет эллик, 1 миллион 245 минг нафар маҳаллий турист келибди. Чет эллик сайёҳларнинг Самарқандда бўлиш кунлари уч йил олдин ўртача 2 кунни ташкил этган бўлса, бугун 2,6 кунга етди. Кунлик харажати ўртача 100 АҚШ долларидан 152 долларга етган. Маҳаллий сайёҳларда ҳам ана шундай ўсиш кўрсаткичларини кўриш мумкин.

Бу шунчаки рақамлар эмас, албатта, унинг ортида қанча иш ўрни, қанча даромад, қанча сервис, инфратузилма борлиги соҳа иши билан таниш бўлганларга яхши маълум.

– Туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида кейинги етти йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан 30 дан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилинди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Р.Қобилов. – Бир қатор давлатлар фуқаролари учун виза тартиблари соддалаштирилди. Қўшни мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Туризм соҳаси вакиллари давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Пандемия шароитида эса уларга кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди. Ана шу ишлар натижасида пандемия чекловлари юмшатилгач, туристик фирма ва компанияларимиз иш фаолиятини қийналмай давом эттирди. Соҳанинг иқтисодиётдаги улуши тез суръатларда ошиб бормоқда. Масалан, ўтган йил туризм хизматларининг вилоятимиз ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 0,8 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 1,2 фоиздан ошди. Албатта, бу ҳам катта рақам эмас, аммо бугун яратилаётган имконият ва шароитлар туфайли кўрсаткич ошиб бориши аниқ.

Айни пайтда вилоятимизда 6642 ўринли 154 та меҳмонхона, 791 ўринли 32 та хостел ва 2585 ўринли 270 та меҳмон уйи мавжуд. Йилнинг дастлабки беш ойида 14 та меҳмонхона, 28 та меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Тур-операторлар сони 10 тага ошди ва 200 га яқинлашди.

Меҳмонхона ва туристик фирмалар фақат Самарқанд шаҳрида ташкил этилмаяпти, вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очилмоқда. Жумладан, яқинда Каттақўрғон туманида 25 ўринли битта меҳмонхона, Тойлоқ туманида 6 та ва Нуробод туманида 4 та оилавий меҳмон уйи очилди.

Янги йўналиш ва хизматлар кўпайди

Шу пайтгача Самарқандга келадиган сайёҳлар асосан шаҳардаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларга бориш билан чекланарди. Зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳлар Имом Бухорий мажмуаси ва шу каби бошқа объектларга борарди. Эндиликда Самарқандда зиёрат туризми объектлари сони 50 тадан ошди. Шунингдек, 42 та гастрономик туризм нуқтаси, 25 та экотуризм маскани, 21 та тиббий туризм муассасаси, 10 та этнотуризм, 16 та агротуризм объекти ташкил этилди ва уларнинг барчасида ҳамма вақт сайёҳлар бор.

– Мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий туристлар асосан халқимизнинг миллий турмуш тарзига, урф-одатларига қизиқиш билдиради, – дея сўзида давом этади Р.Қобилов. – Шу мақсадда икки йил олдин Самарқанд туманидаги тарихий Конигил қишлоғини туризм қишлоғига айлантириб, бу ердаги Сиёб ариғи атрофи обод қилинди ва элликдан ортиқ туристик хизматлар объекти, жумладан, 20 та меҳмон уйи, 15 та устахона, сувинер дўконлари ва миллий таомлар тайёрлаш ошхоналари, новвойхона, ун тегирмони, шолини оқлаш тегирмони ишлаяпти. Сайёҳлар уларнинг фаолияти билан танишиш баробарида шу маҳсулотлардан тайёрланган миллий таомларни татиб кўришлари, бу таомларни тайёрлаш жараёнларини кузатишлари мумкин. Масалан, Конигилда етиштирилган гуруч шу ердаги тегирмонда тозаланиб, палов тайёрланади.

Конигилдаги тажриба ўзини оқлагач, Ургут туманидаги Терсак, Пайариқдаги Чоштепа, Нурободдаги Оқсой, Каттақўрғон туманидаги Андоқсой ва Қўшработдаги Пангат қишлоқларини туризм қишлоғига айлантириш ишларига киришдик. Мазкур туризм қишлоқларида бир қатор хизмат кўрсатиш турлари, яъни оилавий меҳмон уйлари, миллий таомлар тайёрлайдиган умумий овқатланиш шохобчалари, кулолчилик, каштачилик каби хизматлар йўлга қўйилмоқда.

Экстремал туризм ёки сафар туризми йўналишида 5 та янги йўналиш ташкил этилди. Яъни, 22 километрлик “Самарқанд – Тарағай” йўналишида Амир Темур ғоригача, 12 километрлик “Самарқанд-Шаршара” йўналишида экстремал тоғ туризми бўйлаб саёҳат қилиш мумкин. Бу йўналишларда альпинизм, тоғ бўйлаб пиёда юриш, велосипедда ҳаракатланиш имконияти яратилган.

Туризм кўчалари сонини янада кўпайтириш, сайёҳларга туну кун савдо ва сервис хизматлари кўрсатиш бўйича ҳам аниқ дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасини шоппинг туризм кўчасига, Бозоров кўчасини паб-стрит кўчасига, Алишер Навоий кўчасини санъат ва туризм кўчасига айлантириш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарнинг марказий ва сайёҳлар кўп харакатланадиган кўчаларида 30 дан зиёд FOOD TRUCK (кўчма овқатланиш шохобчалари) фаолияти йўлга қўйилди. Худди шундай кўчалар барча туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этилмоқда.

Сайёҳларни кўпроқ жалб қилишнинг яна бир усули оммавий сайил ва фестивалларни кўпайтиришдир. Бу борада йил якунига қадар 12 та йирик тадбир, жумладан, 1 та ярмарка, 5 та фестиваль, 2 та спорт тадбири, 2 та кўргазма танлови, 1 та карнавал ҳамда ёшлар ва зиёрат туризм ҳафталиги тадбирлари ташкил этиш кўзда тутилган. Бу тадбирлар белгиланган вақтда ўтказиб келинмоқда. Масалан, Наврўз умумхалқ байрами кунларида Самарқанд шаҳрида “Кабоб фестивали”, Жомбой туманида “Улоқ кўпкари” мусобақаси, Ургут туманида “Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси” ўтказилди. Йил якунига қадар “Самарқанд нон сайли”, “Анжир сайли” каби тадбирлар кўзда тутилган.

Вилоятга ташриф буюрувчи саёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида яқинда Самарқанд халқаро аэропортида енгил автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш хизмати жорий этилди.  Ушбу хизмат доирасида ўнга яқин “Volkswagen” ва “Mersedes-Benz” русумли электромобиллар хорижий туристларга ижарага берилмоқда. Алишер Навоий кўчасининг Университет хиёбони билан кесишган қисмида велосипед тўхташ жойи ва ижара хизмати ташкил этилди.

Вилоятдаги сайёҳлар кўп борадиган 26 та музей ва маданий мерос объектларида ҳам сайёҳлар учун муносиб шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда ушбу объектларнинг аксариятида пандуслар ўрнатилиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун имкониятлар кенгайтирилган. Шунингдек, объектларда аудиогид, гид-таржимон, миллий либослар ижараси хизматлари йўлга қўйилди. Регистон майдонида маданий дастурлар, концертлар намойиш этилмоқда. Музейлар соат 22:00 гача фаолият кўрсатмоқда.

Замонавий аэропортдан кўркам масканлар сари

БМТ халқаро туристик ташкилоти (UNWTO) маълумотига кўра, Ўзбекистон туризм соҳаси ўсиш суръати бўйича жаҳонда тўртинчи ўринни эгаллаган. Бу албатта, сайёҳларга замон талабларига мос сифатли хизмат кўрсатишни, замонавий инфратузилма яратишни тақозо этади.

Айни шу мақсадда 2018 йилда Самарқанд халқаро аэропортини кенгайтириш режалаштирилди. 2019 йилнинг июлида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан лойиҳа миқёси янада йириклашди. Аэропорт билан биргаликда Самарқандда замонавий туристик марказ қуриш белгиланди.

Икки йил давомида Самарқанд аэропортида қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Замонавий терминал биноси ҳамда янги учиш-қўниш йўлаги, замонавий радиолокация тизими, 24 та самолёт ҳамда 700 автомобиль учун тураргоҳ барпо этилди. Иккита телескопик трап орқали 4 та самолётга чиқиш енглари ҳозирланди.

Аэропортнинг янги терминалининг йўловчи ўтказиш қуввати соатига 1000 кишини ташкил этади. Мунтазам рейслар сони эса ҳафтасига 120 тагача етади. Айни пайтда мазкур аэропорт маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳларга ўз эшикларини очиб, сифатли хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кунда Ислом оламининг қутлуғ зиёратгоҳларидан бири саналган Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасини ҳам қайта қуриш ишлари давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу мажмуа буюк муҳаддис Имом Бухорий бобомизнинг муқаддас динимиз йўлидаги хизматларига муносиб тарзда бунёд этилмоқда. Бу ерда 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат, шунингдек 3000 нафар зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.

Президентимиз 15 июль куни Самарқандга ташрифи давомида ҳам мазкур объектда бўлиб, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш, бу ерда зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Самарқанд туманида жойлашган эшкак эшиш канали атрофида 260 гектар майдонда янгидан бунёд этилаётган “SILK ROAD SAMARKAND” туристик мажмуаси ҳам бугун Самарқанддаги энг йирик ва асосий қурилиш объектларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда сўнгги пардозлаш ва ҳудудни ободонлаштириш ишлари давом этаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 353 миллион долларга баҳоланмоқда. Яқин кунларда очилиши режалаштирилган кўп тармоқли сайёҳлик мажмуаси нафақат Самарқанд, балки бутун Марказий Осиё учун замонавий мажмуага айланиши, маданий, гастрономик, тиббий ва ишбилармонлик туризми объектларини бирлаштириши кўзда тутилмоқда.

Марказда жаҳон андазалари даражасидаги меҳмонхоналар, истироҳат боғи, дам олиш масканлари, ресторанлар, кафе ва барлар, шунингдек, халқаро анжуманлар маркази ва маданият масканлари жойлашади. Халқаро архитекторлар ва муҳандислар жамоаси томонидан ишлаб чиқилган замонавий лойиҳа турли тематик зоналарни бутун Марказий Осиё минтақасида ўхшаши бўлмаган уйғун меъморий ансамблга бирлаштирган.

Комплекс бир нечта бўлимдан ташкил топган бўлиб, эшкак эшиш каналининг шимолида конгресс маркази ва ландшафтлар билан безатилган тўртта ҳашаматли меҳмонхонани ўз ичига олган бизнес кластер жойлашган. Жанубий кластерга ҳар бирининг ўзига хос даволаш-санаторий йўналишига эга бўлган тўртта бутик меҳмонхона, шунингдек, экоқишлоқ, “Абадий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси, савдо майдончалари киради.

Мазкур объект ҳақида батафсил тўхталмаймиз. Сабаби бу ҳақда яқин кунларда мажмуа очилиши муносабати билан кенгроқ, алоҳида материал тайёрлаймиз.

Умуман, айни чоғда Самарқанд вилоятида туризм соҳасида 365 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда ва уларнинг ишга тушиши билан 15 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Иш ўрни шунча бўлганидан кейин, бу масканлар хизмат кўрсатадиган туристлар сонини тасаввур қилаверинг.

Бугун Самарқанд – жаҳон туризм марказларидан бирига айланмоқда. Бу баландпарвоз гап эмас, реал ҳақиқат. Буни халқаро ташкилотлар эътироф этмоқда, дунё аҳли Самарқандга интилмоқда. Самарқанд том маънода ер юзининг сайқалига айланиб, дунё аҳлини ўзига чорламоқда.

Самарқандга хуш келибсиз!

Ғолиб Ҳасанов,

Алишер Исроилов (сурат).