Самарқанд фавворалари аҳолига хушнудлик бахш этмоқда
Тиббиётчи олимлар, врач-шифокорларнинг таъкидлашларича, фавворалар рўпарасида ўтириш, атрофида сайр қилиш кишига ҳузур ва ҳаловат бағишлаб, танада қон айланишини яхшиларкан, асаб тизимига ором бағишларкан.

Даҳбед ва Регистон кўчалари чорраҳасидаги мусиқали фавворага тез-тез келиб тураман. Ёз мавсумида, айниқса, кечки пайтларда бу жой байрамона тус олади. Бу ерга қадам ранжида қилган киши сирли ва сеҳрли оламга кириб қолгандек сезади ўзини. Шаффоф сувнинг нафис ўйинлари диққатингизни ўзига тортади. Рақсга монанд таралаётган ажиб мумтоз ашулалар, Самарқандни мадҳ этувчи боқий қўшиқлар дилингизга хушнудлик бағишлайди. Майин шаббодалар эпкини салқин тортиб, юзингизни силайди. Жилоланаётган нурлар, ранг-баранг чироқлар сеҳри сизни орзулар осмонига парвозга чорлайди.
Камалак жилосига маҳлиё бўлиб, беихтиёр тароналарга жўр бўласиз. Бу қўшиқлар аллақачонлар халқимизнинг дилига жо бўлиб кетган. Шу боисдан уни бутун вужудингиз билан тинглайсиз. “Жон Самарқанд, жон Самарқанд, жонон Самарқанд!” Сизга яхши таниш хонанда – Ўзбекистон халқ артисти Абдурашид Эргашев маҳорат билан ижро этган тарона бу. Узоқ йиллардан буён Самарқанднинг мадҳияси янглиғ янграб келаётган мазкур қўшиқни Зарафшон воҳасида мароқ билан эшитмаган, ундан фахр туймаган киши бўлмаса керак.
Фавворага энг кўп талпинадиганлар, бу – жажжиларимиз. Ундан энг кўп завқ оладиганлар ҳам болалар. Ёшлигимда илк бор Тошкентга борганим, Алишер Навоий номидаги академик катта театри рўпарасидаги фавворани томоша қилганим мурғак тасаввуримда бир умрга михланиб қолган. Ўшанда фаввора олдидан сира кетгим келмаган. Фавворанинг мўъжизавий сеҳри болаларга хос тасаввуримга сиғмаган. Ҳозир ҳам Самарқандда кеч тушаётган бир паллада фаввора ёнида туриб разм соламан. Бу ерга жамулжам бўлган жажжилар қувончининг чеки йўқ. Шодон қийқириқлар, болаларга хос жўшқинлик, мўъжизалар оламидаги каби беқиёс ҳайрат. Фаввора ёнида 2-3 нафар кичкинтой рақсга тушмоқда, куйга монанд, оҳангга мос. Атрофдагилар ҳавас билан, завқ билан боқишаётганидан улар бехабар, митти юракларидаги қувонч дунёга сиғмайди. Болага айланиб қолгинг келади шундай пайтларда.

Кўксарой майдони. Тарихий ва табаррук жой. Мозийнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон Амир Темур давлатга пойтахт, қароргоҳ танлашда бу жойнинг салқин ва хушҳаво табиатини ҳисобга олган. Бу ерда Кўксарой ва Бўстонсарой деб номланган иккита қаср қурдирган. Тўрт қаватли Кўксарой ҳақиқатан кўркамликда тенгсиз бўлгани айтилади. Дарҳақиқат, бизнинг замонамизга келиб Кўксарой майдони янгича қиёфа касб этди. Бугунги кунда кўпгина вилоят ташкилотлари шу майдонда жойлашган. Бу ерда барпо қилинган боғ ва унинг ўртасида уч қисмдан иборат улкан фаввора мавжуд. Бу фавворалар боғга алоҳида кўрк бағишлаб туради. Агар бу ердаги фавворалар ва унинг атрофини кузатсангиз қалбингиз ажиб ҳиссиётларга ошно бўлади. Фавворалар атрофидаги боғнинг ўзига хослиги, турфа хил гуллар сизга унутилмас таассуротлар ато этади. Майдон ўртасидаги улкан фавворадаги манзаралар алмашинуви, унинг салоҳияти олдида беихтиёр мафтун бўласиз, ўзгача издиҳомга тушасиз. Унинг ёнидаги иккита айлана шаклидаги фавворалар биргаликда нафисликка лиммо-лим асарга айлангандек туюлади. Ёз пайтларида, айниқса кечки дамларда самарқандликлар ва меҳмонлар бу жойга ошиқиб келадилар.
Майдон бўйлаб Самарқанд давлат чет тиллар институти томон юрсангиз улкан уч эгизак фавворага дуч келасиз. Бу фавворанинг атрофидаги ўриндиқлар ҳамиша банд бўлади. Дарахтлар остидаги ям-яшил майдончалар ёқалаб йўлаклардан сайр қилган кишининг баҳри-дили очилади. Яқин дўстингиз, севимли кишингиз билан бу боғда ўтган суҳбатингиз, дил розингиз юракларни пайванд этади, мазмунли ва мароқли кечади.
Вилоят мусиқали драма театри олд майдонидаги фаввора ҳам самарқандликларнинг энг севимли манзилгоҳларидан бирига айланган. Майдон ўртасидаги фавворанинг салобати чўнг. Бу фавворадан Регистон томон пастлатиб учта ҳавза ва уларнинг ўртасида фавворалар қурилган. Г´ёки тепада она, ёнида уч нафар сулув қизи тизилишиб, соч тараётгандек эртакмонанд манзара намоён бўлади кўз ўнгингизда. Фаввора гир-атрофидаги дарахтлар нафақат чирой беради, балки салқинлик, мўътадиллик, тоза ҳаво бағишлайди. Бу ерда фавворанинг гўзаллигини томоша қилиш билан чекланиб қолмайсиз. Бир томонда буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳайкали, Руҳобод мақбараси, Амир Темур мақбарасининг нилий гумбазлари, улкан қоматли “Афросиёб” меҳмонхонаси яққол кўзга ташланиб туради. Фавворанинг бир томонида Самарқанднинг табаррук зиё маскани вилоят мусиқали драма театри нигоҳингизни тортади.
Ҳавзалар ва фаввароларни айланаркансиз, маскан жозибасини янада тўлароқ ҳис қиласиз. Биринчи ҳавза нисбатан кичикроқ бўлса-да шаклига кўра ўхшаши йўқ, ажойиб геометрик манзарага эга. Иккинчиси янада бошқача, учинчиси ундан-да, бўлакча - учбурчаксимон. Бир-бирига ўхшамайди. Ҳавзалар зина усулида барпо этилган. Ҳавзадаги сувларнинг зилоллиги, тиниқлигидан ости, гирдидаги тошлар мозаикаси яққол кўриниб туради. Биринчисидан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига ўтиш жойидаги шаршара шубҳасиз бир муддат сизни ўзига жалб қилади, фавворадан олаётган завқингизга яна завқ қўшади. Ҳавзалар атрофидаги турфа хил чироқлар тунда ҳам бу жойни чароғон айлайди. Фавворалар майдонининг қўйида ўн туп азим чинор кўкка буй чузиб турибди. Умрибоқий бу дарахтларда фавворалар улашаётган масрурлик ва виқорни сезгандек бўласиз. Ҳавзалар билан Регистон кўчаси оралиғидаги арча ва чинорлар ости ям-яшил. Назаримда, бу жой нисбатан анча салқин. Ёзнинг жазирама кунларида бу ерга тангадек офтоб тушмайди.
Амир Темур майдонидаги фавворалар қурилиш меъморчилиги, жозибаси билан бошқаларидан қисман фарқ қилади. Бу фаввораларда ҳам кишини ҳайратга соладиган томонлар кўп. Бироқ энг характерлиси шуки, бу фавворалар вилоят мусиқали драма театри олд майдонидаги ҳамда Даҳбед ва Регистон кўчалари чорраҳасидаги мусиқали фавворалар билан биргаликда ўзига хос фавворалар ансамблини ташкил қилади. Бу ансамбль бераётган завқ-шавқ, қувонч ва шодликлар туйғуси қиёсини, таърифу тавсифини топиш қийин.
Соҳибқирон ҳайкали билан бошланадиган Университет хиёбони Самарқанднинг соя-салқин, хушманзара манзилларидан бири. Бу жойни ёшлар, талабалар хиёбони, деб ҳам аташ мумкин. Чунки хиёбон асосан, талабалар билан гавжум бўлади. Саратоннинг жазирама кунларида бу ерда ҳарорат тафти нисбатан бирмунча паст. Ўзига хос мўътадиллик сизга ҳузур бағишлаб туради. Айниқса, хиёбон ўртасидаги фаввора талабаларнинг севимли жойига айланган.

Қадимий кент Самарқанд бугунги кунда фавворалар шаҳрига айланиб улгурди, десак янглишмаймиз. Самарқанд темирйўл вокзали майдони, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдон, «Шоирлар боғи»даги фавворалар ҳам кўпчиликнинг севимли, ором оладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканларига айланган. Бу жойлардаги фавворалар атрофида ҳам халқимизнинг хушнудлигини, мамнунлик ва шукроналигини кўрасиз. Қувонарлиси, эндиликда вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда Самарқанд шаҳридагидек фавворалар барпо қилинмоқда. Маълумотларга қараганда, айни пайтда вилоятда 60 га яқин фаввора мавжуд экан.
Тинч-осойишта юртга байрамлар ярашади, деганларидек кейинги йилларда мамлакатимизда “Фавворалар сайли” ўтказиш одат тусига киргани айни муддао бўлди. Самарқандда ҳам бу қизиқарли маросим кенг қулоч ёзмоқда. Сайил куни фавворалар атрофида турли хил тадбирлар, интеллектуал беллашувлар, танловлар, спорт мусобақалари, кўргазмалар ташкил қилинаётгани ибратли ҳодиса. Унда санъаткорлар, шоирлар ва ёзувчилар, зиёлилар иштирок этишиб, байрам шукуҳини янада кўтаришади. Бу эса ўз навбатида фавворалар бераётган гўзаллик ва завққа янгича мазмун ва моҳият бағишлайди.
Амрилло АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.