Самарқанд ҳокими қурилиш меъёр ва қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди

Йиғилишни Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов олиб борди.

Йиғилиш аввалида шаҳардаги ободонлаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Таъкидландики, хорижлик сайёҳлар ва шаҳар меҳмонлари учун Самарқандни гулларга буркаш, тоза-озода сақлаш ободонлаштириш билан шуғулланувчи ходимларнинг муҳим вазифасидир. Шаҳарда озодаликка эътибор янада кучайтирилиши, жумладан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, уларни 3 турга ажратиш учун қисқа муддатда шаҳарда 500 дан зиёд янги контейнерлар ўрнатиш лозим.

Шунингдек, Ф.Раҳимов “Обод маҳалла” дастури асосида шаҳарнинг Чўпонота ва Ширин маҳаллаларида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, у ердаги мавжуд эски иморатларни бузиб, замонавий иншоотлар барпо этиш, аҳолини қийнаётган муаммоларга барҳам бериш, йўлларни таъмирлаш, гул кўчатлари ўтқазиш каби ишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддилардан шаҳарда олиб борилаётган кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан, Аэропорт йўли ва Бўстонсарой кўчаларида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ижросини сўради.

Шаҳарнинг тарихий қисмига ёндош ҳудудларда тўхтатиб қўйилган ноқонуний қурилиш ишлари ҳақида ҳам сўз борди. Шаҳар ҳокими мутасаддиларга шаҳарда амалга оширилаётган қурилиш ишларида мавжуд меъёр ва қоидаларга қатъий амал қилиш, таниш-билишчилик ёки бошқа воситалар эвазига қоидабузарликка кўз юмишга асло йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш сўнгида фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосий иши бўлиб қолиши кераклиги эслатилди.

P/S: Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари ишдан кетгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинчалик бу хабар ўз тасдиғини топмади. Демоқчимизки, интернет нашрларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз ҳар қандай ахборотни тарқатишда эътиборли, масъулиятли бўлсалар, маълумотни ишончли манбалардан олсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Тошпўлат Раҳматуллаев олган суратлар.