Самарқанд илмий салоҳиятини оширган академиклар
«Зарафшон» газетаси таҳририяти «Самарқанд академиклари» рисоласини чоп эттириб, Шарқнинг гавҳари бўлган Самарқанднинг азалдан илм-маърифат маркази эканлигини яна бир бор кенг китобхонлар оммасига эслатиб қўйди.
Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлиги даврида дунёнинг турли мамлакатларидан жаҳонга машҳур меъморлар, олимлар, машшоқлар, ҳунармандлар Самарқанд шаҳрида жам бўлишган. Мирзо Улуғбек ташкил этган Мадрасаи олияда диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмлар: астрономия, математика, ҳуқуқшунослик (фиқҳ), тиббиёт, адабиёт ва бошқа фанлар чуқур ўргатилганлиги сир эмас. Ушбу Мадрасаи олиянинг вориси бўлган Самарқанд давлат университети ҳақли равишда бугунги кунда 603 ёшга тўлганлигини эътироф этиш лозим, деб биламан.
Самарқандда дастлаб ташкил этилган олий таълим муассасалари, жумладан, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти, қишлоқ хўжалиги институти, кооператив институти ўз соҳалари бўйича малакали, илмий кашфиётлари билан дунёга машҳур бўлган олимларни етиштириб берган ва ҳозирги кунда ҳам бу ишлар давом этмоқда. Рисолада қайд этилган йигирма тўққизта академикнинг аксарияти мен яқиндан таниган, кўпларининг суҳбатларидан баҳраманд бўлган инсонлар эканлигидан фахрланаман.
Айниқса, академик Воҳид Абдуллаевнинг турли давраларда, аудиторияларда ва радио орқали сўзлаган жўшқин нутқ ва маърузаларини талабалик давримизда тинглаб, маданий озуқа олганмиз. Шунингдек, Тошпўлат Ширинқулов, Ботурхон Валихўжаев, Эркин Эргашевларнинг ҳаётбахш суҳбатлари хаёлимдан кетмайди. Академикларнинг саккиз нафари Самарқанд давлат тиббиёт институти бититувчилари бўлган. Исоқ Мусабоев, Ўктам Орипов, Ислом Зокиров, Нурмуҳаммад Муҳарлямов, Раҳим Ҳайитов, Ҳамид Мансуровнинг номлари, илмий мақолалари, ихтиролари дунёга машҳурдир. Улар ҳақида рисолада батафсил маълумотлар берилган.
Академик И.Зокировнинг шогирди бўлганлигим учун устозимнинг шифокорлар учун намуна бўладиган баъзи бир хислатларини эслаб ўтмоқчи эдим.
Ислом Зоҳидович ўта маданиятли, хушмуомала, ўткир зеҳнли, хушчақчақ, оиласи ва шогирдларига меҳрибон инсон эди. Антон Павлович Чехов (асли касби врач бўлган) «Врачнинг юзи ҳам, қалби ҳам, кийими ҳам чиройли бўлиши керак», деган. Худди шундай, Ислом Зокировнинг эгнидаги халат, бошидаги қалпоқча доимо оппоқ, крахмалланган, дазмолланган, кўрган кишининг ҳаваси келадиган даражада бўлар эди. Талабаларга маъруза ўқигани кирганларида ҳамма билан саломлашиб, сизлаб гап бошлар эди.
Институтни битириб, 1969 йилда устоз раҳбарлик қилаётган акушерлик ва гинекология кафедрасига клиник ординатор бўлиб ишга келганимда домладан ҳаётий тажрибалари, иш юритиш услуби, дарс бериш маҳорати, беморларга бўлган муносабат, даволаш ва операция жараёнлари бўйича бир умрлик сабоқ олганман.
1980 йил октябрь ойидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бош акушер-гинеколог бўлиб ишга ўтганимда, устоз менга кафедрада ярим штат ассистент бўлиб ишни давом эттиришимни тайинладилар. Чунки олий таълим муассасасида талабаларга дарс бериш, биринчидан, билим даражасининг мустаҳкамланишига хизмат қилади, кейин эса ўқитувчидан таълим олган бўлғуси врачлар республикамизнинг турли вилоят ва туманларидаги шифохоналарда ишлайдилар. Вақти келиб, иш юзасидан йўлингиз тушиб туманларга ёки шаҳарларга борсангиз, сиздан таълим олган, қаршингиздан чиққан шогирдингиз «Ассалому алайкум, домла, хуш келибсиз!» деб пешвоз чиқса, бошингиз кўкка етгудек хурсанд бўласиз. Шунинг учун бу даргоҳни ҳеч қачон тарк этмасдан, ҳар иккала ишни ҳам бирга бажараверинг, деб тўғри маслаҳат берган эдилар.
И.Зокиров Ўзбекистон Республикасида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, акушерлик ва гинекология фанининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган, дунёга таниқли олим сифатида 1995 йилда мамлакат акушер-гинекологларидан ягона Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди. Домла билан вилоятимиз туманлари, қўшни вилоятлар аҳолиси ўртасида оилани режалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари, илмий амалий анжуманлар ташкил этиб, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилар эди.
2021 йил январь ойида академик Зокиров таваллудининг 95 йиллиги олдидан Самарқанд давлат тиббиёт университетининг ректори, профессор Ж.Ризаевнинг ташаббуси билан домла раҳбарлик қилган 1-сон акушерлик ва гинекология кафедрасига академик И.З.Зокиров номи берилди ва университетнинг морфология биносига барелеф ўрнатилди.
Талабаликдан яхши билганлигим учун академик Эшчанов Турсунбой Бойжанович ҳақида ҳам қисқача маълумот бермоқчиман.
Т.Эшчанов 1965 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини битириб, фармакология кафедрасида стажор-тадқиқотчи, кейинчалик ассистент лавозимида ишлаб, номзодлик диссертациясини ёқлагандан сўнг Қорақалпоғистон Республикасига ишга кетган эди. Бизнинг гуруҳимизга фармакология фанидан дарс ўтган пайтларида у кишининг ўзига ва талабаларга нисбатан ўта талабчанлиги, ишчанлиги ва фидойи инсон эканлиги сезилиб турар эди. Т.Эшчанов ўткир зеҳнли, қувваи ҳофизаси жуда мустаҳкамлигига гувоҳ бўлганман. 1997 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишчи гуруҳи аъзоси сифатида Нукус шаҳрига бориб, Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири Т.Эшчанов билан учрашишга тўғри келган. Кабинетига кириб саломлашгандан сўнг «Яхшинор, Қорақалпоғистонга хуш келибсан», деганда 30 йил ўтгандан сўнг ҳам ўзи ўқитган талабани эслаб қолганлигига, хотирасига қойил қолганман. Ана шундай олим жаҳонга машҳур кашфиётлар қилиб, ҳақли равишда академик даражасига эришганлигидан мамнунман.
Самарқандлик жаҳонга машҳур яна бир академик Раҳим Ҳайитов тўғрисида ҳам қисқача ўз фикримни баён этишни лозим деб топдим. Раҳим Мусаевични талабалик давримиздан яхши биламан. Мендан икки курс олдин ўқир эди. Ректорнинг, кейинчалик Самарқанд шаҳар партия қўмитаси биринчи котибининг ўғли бўлишига қарамасдан, институтдаги энг намунали хулқ эгаси, иқтидорли, аълочи талаба эди. Талабалик давридан илмий изланишлар олиб бориб, 1967 йил институтни битиргандан сўнг саккиз ой ўтиб, 1968 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган эди. Мен клиник ординатор пайтимда Раҳим Мусаевичнинг онаси доцент Зоя Маъруповна Расулийга шогирд сифатида бириктирилган эдим. Шу туфайли Р.Ҳайитовнинг кейинги фаолияти билан ҳам яхши танишман.
Самарқандликлар учун энг қувонарлиси шундаки, менинг билишимча, собиқ шўролар даврида Ўзбекистондан бир нафар СССР Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлар эди, у киши Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Обид Содиқов эди. Ундан кейингиси СССР тарқалгандан кейин Россия Медицина Фанлар академияси ва Россия Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Раҳим Мусаевич Ҳайитов эди. Р.Ҳайитов 1988 йилдан 2014 йилга қадар 26 йил давомида Иммунология илмий тадқиқот институтига раҳбарлик қилди.
Айтиш мумкинки, жамиятда оламшумул кашфиётлар яратган самарқандлик академиклар тўғрисида рисола чоп этилиб, китобхонларга тақдим этилиши ҳам оламшумул воқеа, десак асло муболаға бўлмайди.
Яхшинор АЛЛАЁРОВ,
СамДТУ доценти.