Самарқанд инсоният тамаддуни чорраҳасида: ЮНЕСКОнинг янги тарих саҳифаси очилди

Бугун дунё ҳамжамияти нигоҳи қадим ва навқирон, инсоният тамаддуни бешикларидан бўлмиш муаззам Самарқандда бўлиб ўтаётган йирик анжуман жараёнларига қаратилган.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан глобал даражада, дунё етакчилари, сиёсатчилари муҳим мсаалалар муҳокамасига йиғиладиган локацияга айланиб улгурган Самарқанд – айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) деб номланган дунёдаги энг йирик халқаро ташкилотнинг фан, таълим, маданият, маданий меърос, туризм ташкилоти - ЮНЕСКОнинг 43-Бош Конференциясига мезбонлик қилмоқда.

ЮНЕСКО билан Ўзбекистон Республикасининг кенг ва ҳар томонлама ҳамкорлиги давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган очиқлик, шаффофлик, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликка асосланган самарали ташқи сиёсати натижасида мамлакатимиз нуфузи, ҳамкорлик имкониятлари тобора кенгайишига асос бўлмоқда. Ва албатта, БМТ ва ЮНЕСКО Марказий Осиёнинг йирик давлати ҳисобланган, ер юзининг Шарқу-Ғарб, Шимол ва Жануб давлатлари мулоқот ва ҳамкорлигида муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлиги кейинги йилларда янада ривожланиш босқичига кирди.

Ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига тўхталсак, дунё тамаддуни, илм-фани, маданияти ва бошқа кўплаб тармоқ ва соҳаларда Ўзбекистоннинг  ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўриш мумкин.

Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги натижасида дунё миқёсида дунё илм-фани ҳамда тараққиётига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшган улуғ аллома ва донишманд боболаримизнинг – 1973 йилда Абу Райҳон Беруний ва 1980 йилда Абу Али ибн Сино таваллудининг  минг йилликлари, 1994 йилда Мирзо Улуғбек  таваллудининг 600 йиллик, 1996 йилда Амир Темур ҳазратларининг 660 йиллик тантаналари кенг нишонланган бўлса, қадимий ва навқирон шаҳарларимиздан – 1997 йилда Хива, 1997 йилда Бухоро ва 2002 йилда Термиз  шаҳрининг  шонли 2500 йиллиги, 2000 йилда Тошкент шаҳрининг 2000 йиллик, 2002 йилда Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги муносабати билан махсус дастурлар доирасида йирик тадбирлар уюштирилган. Жаҳонда ўз номи ва тарихдаги улкан ўрни билан танилган ушбу муаззам кентларимиз, халқимиз бунёдкорлиги ва ижодкорлиги намунаси бўлган гўзал ва дурдона обидаларимиз “Жаҳоннинг маданий мероси” рўйхатига киритилганлиги, бой тарихий маданиятимиз ва меросимизнинг аҳамиятидан далолатдир.

Дунёвий ва шу билан бирга ислом илмида улкан илмий мерос қолдирган Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, Имом Мотрудий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд каби қатор сиймоларнинг йирик таваллуд саналари, 1999 йилда “Алпомиш” халқ достони яратилганлигининг 1000 йиллиги, 2001 йилда Авесто китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида кенг нишонланган. 1996 йил ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Амир Темур ҳафталиги ўтказилиб, «Темурийлар даврида фан, маданият ва маорифнинг гуллаб яшнаши» мавзуида илмий конференция ва кўргазма ташкил этилган. Наврўз, Шошмақом, Кўпкари, Ош тайёрлаш анъанаси сингари номоддий мерослар ҳам ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатидан муносиб ўрин эгаллаган

Шунингдек, айнан ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда "Шарқ тароналари", бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, “Мақом санъати” анжумани каби халқ ижодиёти ва санъатининг нодир йўналишларида қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг мазкур нуфузли ташкилот билан ҳамкорлик йўналишларини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътиборлари самараси натижасида 2017-2023 йилларда миллий маданий меросимизнинг 14 та ноёб намунаси ЮНЕСКОнинг рўйхатларидан жой олиб, инсоният мероси сифатида халқаро миқёсда эътироф этилганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Бухоро шаҳри Ижодкор шаҳарлар тармоғига киритилганлиги, 2023 йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланган бўлса, Ўзбекистон маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро марказга аъзоликка қабул қилинганлиги бу борада юртимизда маданий мерос объектларини сақлашга қаратилаётган эътибор натижаси сифатида қабул қилиш мумкин.

Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида ЮНЕСКО кафедралари тармоғи кенгаймоқда,  "Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш", "Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Маданият туризми" каби кафедралар фаолият бошлади. 2024 йилдан мамлакатимизда таълим, маданият, рақамли ва инновацион технологиялар соҳаларида 7 янги лойиҳа амалга оширила бошланди. Турон чўли ва Зарафшон-Қорақум йўлаги, ипакчилик, кулолчилик, рубоб чалиш ва ифторлик анъанаси, “Бухоро амири девонхонаси архиви”, “Туркистон альбоми”, “Худойберган Девонов фотоальбоми” ЮНЕСКОнинг махсус рўйхатларига киритилиб, ҳамкорлик кўлами янада кенгайди.

Айни кунларда Самарқандда ўтказилаётган конференция тафсилотларини матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз.

Ушбу йирик халқаро тадбирнинг тантанали очилиш тадбирида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Президентимиз нутқида дастлаб “Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор, - дея қайд этди. - Бу қадимий кент азалдан башариятнинг буюк кашфиётлари бешиги, илм-фан, адабиёт ва маданият гуллаб-яшнаган маскан бўлган. Биргина мисол. Улуғ ҳукмдор ва аллома Мирзо Улуғбек барпо этган расадхона гумбазлари остида ноёб юлдузлар жадвали яратилган. Бу жадвал кейинчалик Коперник ва Кеплер каби машҳур олимларнинг илмий кашфиётлари очилишига хизмат қилгани тарихдан яхши маълум. Уч минг йиллик шонли ўтмишга эга, Буюк ипак йўлининг дурдонаси бўлган, миллат ва элатларнинг тинчлик ва дўстлик макони – муаззам Самарқандга хуш келибсизлар!”, дея тадбир иштирокчилари ва меҳмонларини қутлаб, анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши моҳияти ва аҳамиятини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, "Шиддат билан ўзгараётган дунёда гуманитар соҳада глобал консенсус ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларининг заифлашаётгани, албатта, барчамизда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий мерос катта зиён кўрмоқда.

Давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай мураккаб вазият ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Биз ЮНЕСКОнинг олижаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёрлигини қайд этди.

Ш.Мирзиёев ушбу нуфузли анжуман минбаридан 5 та муҳим ташаббус ва қатор таклифларни илгари сурди.

Биринчидан, инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллашнинг долзарблигини, жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиши учун тенг имкониятларни яратиб бериш жуда муҳимлигини, бу борада ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш мақсадга мувофиқлигини, таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш, сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга оширишни,  ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишни таклиф этди.

Иккинчидан, ноёб мерос объектлари бўлган халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотларни сақлаш, уларнинг барча учун очиқлигини таъминлаш мақсадида яратилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантиришни, дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни”, деб эълон қилишни, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этишни,  ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси ҳисобланадиган қадимий Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик бўйича 2027 йили мазкур йўналишда халқаро конгрессни қабул қилишни таклиф этди.

Учинчидан, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш, бу борада аъзо давлатларнинг энг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш, билимлар алмашиш мақсадида Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш, шунингдек, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказишни таклиф этди.

Тўртинчидан, “...иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш муҳимлигига тўхталиб, ўртача ҳароратнинг сезиларли даражада кўтарилиши, музликларнинг эриши, чўлланиш, тупроқ қатламлари емирилиши, урбанизация жараёнлари маданий мерос объектларининг ҳолатига жиддий таъсир ўтказаётгани, атроф-муҳитга масъулият билан ёндашаётган, “яшил” дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни алоҳида эътироф этиш ва рағбатлантириш бўйича “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини илгари сурди. Бундан ташқари, ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш тарафдоримиз. Мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказишга тайёрмиз”, дея таъкидлади Президентимиз.

Бешинчидан, виртуал маконда нохолис ахборотларни тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш жиддий заруратга айланаётганини қайд этиб, рақамли трансформация муҳитида дунёқараши шаклланаётган ёш авлоднинг энг яхши ижодий ишлари, мультимедиа ғояларини ўзаро алмашиш учун Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ташаббусини билдирди.

Маълумотларни таҳлилий идрок этиш, ёшларни манипуляциядан ҳимоя қилиш, ахборот шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

ЮНЕСКОнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган 43-сессияси доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Улар орасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида маданий тадбирлар, экскурсиялар ва қабуллар ташкил этилиши, мазкур халқаро анжмуаннинг аҳамияти ҳақида медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратилиши, “Самарқанд — жаҳон тамаддунлари чорраҳасида” китоб-альбомни ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этиш, почта маркалари ва конвертлар туркумини яратиш, тақвимлар ва кўргазмали тарғибот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин тангаларнинг муомалага чиқарилиши кутилмоқда.

Илҳом Ботиров,

ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси в.в.б., халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.