Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг янги ётоқхонаси фойдаланишга топширилди
Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойи 240 ўринга мўлжалланган бўлиб, Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчаси 229-уй манзилида жойлашган.
Ётоқхона “Самарқанд Шебен класс” МЧЖ томонидан барпо этилиб, қурилиш ишларига 8,5 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Институт ректори Муҳиддин Пўлатовга кўра, мазкур ётоқхонада талабалар учун зарур қулайликлар яратилган. Бироқ муассасада тўққиз минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Шундан тўрт минг нафари кундузги таълим шаклида ўқийди ва 1600 нафар талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор. Шунинг учун 2024-2025 ўқув йилида ушбу ҳудудда яна битта 600 ўринли талабалар турар жойи қурилади.
Институтга қарашли 375 ўринли талабалар ётоқхонасида эса 1,2 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилган. Жорий йил 615 нафар талаба ётоқхоналарга жойлаштирилади ва қолган талабаларга ижара уйларидан жой топишлари учун институт томонидан ёрдам берилади.