Самарқанд миллий қадриятлари Бойсунда намойиш этилади

Сурхондарёнинг Бойсун тумани энг сўлим масканлардан бири. Айниқса, баҳор вақти қир-адирлар бетакрор, гўзал кўриниш касб этади. Бу ҳар қандай одамга ҳам илҳом бериши табиий.

Бойсун тумани Паданг қишлоғида жорий йилнинг 27-29 апрель кунлари халқаро «Бойсун баҳори» фестивали ўтказилади. Фестивалда нафақат республикамиз фольклор жамоалари, балки чет элликлар ҳам иштирок этади.

Ушбу фестивалда Пайариқ туманининг “Чинор” фольклор этнографик жамоаси вилоятимизга хос урф-одат ва қадриятларни намойиш этади.

- “Чинор” фольклор этнографик жамоамиз 1986 йилда Мустафо Сувонов томонидан ташкил этилган бўлиб, бугун туманимиз, вилоятимизга хос бўлган анъаналарни ижро этиб келмоқдамиз, - дейди жамоа бадиий раҳбари Эрали Қиличов. -  Фестивалнинг қир-адирликларда ўтиши ҳам кишига завқ беради, ижодга ундайди. Жамоамиз билан Пайариқда тўй, йилбоши, қонтаровди, тушов кесди, бўшама, мошпоя каби халқимизнинг қадим урф-одат ва ўйинларини намойиш этамиз. Мисол учун, энди юраётган бола кўп йиқилса, тушов кесди маросими тўрт-беш нафар қариндошлар билан ўтказиладиган удумларимиздан бири. Бунда боланинг оёқларига ип боғланиб, кулчалар юмалатилади. Ва тушов кесилади. Ушбу маросимдан кейин боланинг йиқилиши камайди.