“Самарқанд нўхат шўраги” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

Ўзбек миллий таомларини тайёрланиш жараёни ва овқатланиш маданияти жуда узоқ тарихга эга ва халқимизнинг кўп йиллик тажрибасига асосланади. Урф-одат ва анъаналар ҳудуднинг иқлим шароитидан ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда шаклланган.
Ҳар бир ҳудуд аҳолиси миллий таомлар тайёрлаш борасида ўз услубига эга. Самарқанд нўхат шўрагининг ўзига хос томони, унда пиширилган гўштлар ва илик аралашмаси, гўштлар қайнатилган шўрвалар аралашмаси ва 1-2 соат давомида хона ҳароратида қуритилган Самарқанд нонининг ишлатилиши ва натижада таъмларнинг умумий гаммасига эришишдир.
“Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонунга кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Шу талаблардан келиб чиқиб, вилоят адлия бошқармаси ва "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасасининг кўмаги билан “Самарқанд нўхат шўраги” географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторов бугун вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевга “Самарқанд нўхат шўраги” географик кўрсаткич ҳужжатини топширди.