Самарқанд қачон чиқиндилардан холи шаҳарга айланади?

Самарқандда чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Унда журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳрида республикамизда илк бор тажриба тариқасида йўлга қўйилган чиқинди ташувчи замонавий электромотороллерлар тизими, “Мароқанд обод” давлат муассасаси санитар тозалаш корхонасида “GPS” on-line кузатув ва рақамлаштириш тизими ҳамда Самарқанд чиқинди ёқиш заводи қурилиши билан яқиндан танишишди. 

Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг Регистон майдони атрофида Қўшҳовуз маҳалласида бўлиб «Мароқанд обод» томонидан эксперимент тариқасида чиқинди ташувчи электромотороллерлар ёрдамида тор ва боши берк кўчаларда жойлашган аҳоли хонадонларида тўпланиб қолган чиқиндиларни ташиб чиқаришдек муаммоларни бартараф этилишини кузатди.    

- Кўп йиллардан буён шаҳримиздаги тарихий обидалар жойлашган ҳудудларда яшовчи аҳоли хонадонлари тор ва боши берк кўчаларда жойлашганлиги сабабли улардан маиший чиқиндиларни ташиб кетишда муаммолар пайдо бўлиб келади, - дейди вилоят чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Бекзод Пайшанов. – Катта ҳажмдаги юк ташувчи машиналаримиз маҳаллаларнинг ички кўчаларига сиғмайди. Бу эса чиқиндини ўз вақтида ташиб чиқаришда қийинчилик туғдирмоқда. Оқибатда аҳоли томонидан норозиликлар пайдо бўляпти. Президентимиз мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларга бағишланган йиғилишида енгил ва қулай бўлган замонавий электромотореллерлардан фойдаланиш зарурлигини тавсия қилганди. Самарқанд шаҳридаги “Эл Холдинг” МЧЖ ҳам ёқилғи, ҳам электр қувватида ҳаракатланувчи 20 та махсус чиқинди ташишга мослаштирилган мотореллерлар ишлаб чиқариб берди. 

Айни вақтда улар шаҳарнинг 20 га яқин тарихий обидалари жойлашган маҳаллаларни чиқиндилардан тозалаб, санитар аҳволини яхшилашга хизмат қилишни бошлади. Уларнинг ҳар бири кунига икки мартадан 3-3,5 куб яъни, 9-10 тонна миқдорида маиший чиқиндиларни қайта юклаш шохобчасига ташиб чиқармоқда. Тез орада санитар корхонасининг техника парки яна 20 та худди шундай кичик юк транспорти билан тўлдирилади.

Ҳайдовчиларнинг айтишича, тежамкор мотороллерларни 3 кунда бир марта қувватлантириш орқали 200 километр масофани босиб ўтиш мумкин бўлар экан. Агар синов муваффақиятли якунланса, 140 нафар ишсизлар иш билан таъминланади.

- Ҳозирча транспортларимиз Қўшҳовуз, Ургути каби маҳаллаларда синовдан ўтказилмоқда,  - дейди “Мароқанд обод” давлат муассасаси директори ўринбосари Шоҳбоз Нурбоев. – Мотороллерлар кўчаларни чиқиндилардан тозалаб бўлгач, ҳар бир маҳалла ҳудудида жойлашган қайта юклаш пунктига келган катта юк машиналарига ортилиб, прессланган ҳолда марказий чиқинди полигонига жўнатилади.   

Пресс-тур иштирокчилари Хишрав қўрғонидаги Самарқанд чиқиндидан энергия ишлаб чиқарувчи корхонасининг қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

 “Яшил иқтисодиёт” тамойилларига мос келувчи мазкур замонавий лойиҳа Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унда кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 240 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 150-200 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган лойиҳага 150 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилган.

- Келгуси йил якунида ишга тушиши режалаштирилган корхонамиз ҳозирча Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, - дейди “Shanghai SUS Environment” LLC компанияси қурилиш бўйича бош директори Ю.Женг.  - Айни пайтда қурилиш майдонларини текислаш, кўп миқдорда тупроқ ташиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунёдкорлик ишларида иккала давлатдан келган 20 дан зиёд махсус техника ва юздан зиёд ишчилар меҳнат қилишмоқда.      

Шунингдек, пресс-тур қатнашчилари “Мароқанд обод” ДМ санитар-тозалаш корхонасида ҳам бўлиб “GPS” on-line кузатув камералари ва рақамлаштириш тизими билан ҳам яқиндан танишди.

Пресс-турнинг иккинчи куни иштирокчилар Каттақўрғон туманида мазкур соҳада иш олиб бораётган тадбиркор аёл - Гулмира Жумаева иш фаолияти билан танишади. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.