Самарқанд қачон жаҳон навоийшунослигининг асосий марказларидан бирига айланади?

Бу йил атоқли адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Воҳид Абдуллаев таваллудига 110 йил тўлди. Шу муносабат билан 3 ноябрь куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Академик Воҳид Абдуллаев ва Самарқанд адабиётшунослик мактаби тараққиёти” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилади.

Она тилимиз ва халқимиз шуҳратини оламга ёйган қайси улуғ аждодимизнинг ҳаёт йўлига назар ташламайлик, Самарқанд шаҳри, Самарқанд муҳити, Самарқанд мактаби бу зотларнинг умр йўлларида муайян мақомга эга эканлигига гувоҳ бўламиз. Одам уш-шуаро Рудакий ва Имом Бухорийдан бошлаб, Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбеккача, Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Хожа Аҳрор Валийдан тортиб, Мир Алишер Навоий ҳамда Мирзо Бобургача ўз қисматларини, Самарқанд тақдири билан муштарак, деб билганлар, илм-фан, дину диёнат, маданият ва санъатнинг бешиги бўлган бу муқаддас маконга ҳамиша ўз эҳтиромларини изҳор этиб турганлар. Ўз навбатида Самарқанд аҳли ва Самарқанд мактаби намояндалари бу улуғ зотларнинг шуҳратини оламга ёйишга баҳоли қудрат ҳисса қўшганлар.

Жумладан, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда самарқандлик олимларнинг ҳиссаси беқиёс. Шоирнинг сиёсий фаолиятини ёритувчи илк тарихий манба Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” асари бўлса, унинг ижодий фаолияти ва шоирлик салоҳияти ҳақида қимматли маълумот берувчи илк манба муаллифи бошқа бир самарқандлик шоир ва олим – Давлатшоҳнинг “Тазкират уш-шуаро” тазкирасидир. Самарқандлик бу икки олим ҳали Мир Алишер ҳаётлиги пайтидаёқ навоийшуносликни бошлаб берганлар ва ушбу анъана асрлар давомида бошқа олимлар томонидан изчил давом этиб келмоқда.

ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошлаб, навоийшунослик фаннинг алоҳида тармоғи сифатида шакллана бошлади. Камоли қониқиш билан қайд қилиш лозимки, Алишер Навоий ҳақидаги дастлабки мақола ва тадқиқотлар айнан Самарқанд илмий ва адабий мактаби намояндалари томонидан яратилди.

Айтиш керакки, Навоийга муносабат, Навоий шахсига эҳтиром шўролар замонида бирданига ижобий тус олган эмас. Айрим олимлар “Навоий каби сарой шоирларининг услублари асримиз завқига ҳам, эҳтиёжига ҳам тамомила яроқсиздир”, деган фикрда бўлган пайтда Абдурауф Фитрат ва Вадуд Маҳмуд каби миллат фидоийлари Навоийни “ўзбек шоирларининг бобоси”, Навоий яшаган даврни эса адабиётимизнинг “биринчи олтин даври” деб ҳаққоний баҳо беришга журъат қилганлар.

Кейинчалик бу жараёнга Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаев қўшилиб, Самарқандда том маънодаги навоийшунослар мактабига асос солдилар. Садриддин Айний тожик тилида “Алишер Навоий” монографиясини яратиш баробарида “Хамса”нинг қисқартирилган нашрини тайёрлаган бўлса, Абдураҳмон Саъдий Навоий ижодининг умумфалсафий ва бадиий маҳорати масалаларини ўз докторлик диссертациясида асослаб беришга ҳаракат қилган. Айниқса, аллома Воҳид Абдуллаевнинг “Навоий Самарқандда” номидаги тадқиқоти ўз даврида воқелик ҳисобланиб, бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Воҳид Абдуллаев тадқиқотида Алишер Навоийнинг Самарқандда тўрт йил яшаганлиги, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг қатор шоирлари  ва олимлари билан ижодий алоқада бўлганлиги, Самарқанддан олган баҳрамандликлари кейинги бутун ижодига самарали таъсир қилиб, гўзал шеърлари ва достонларига материал сифатида хизмат қилганлиги илмий далиллар асосида исботлаб берилган. Бартольд ва бошқа шарқшунослар бу даврда Самарқандда илм-фан, маданият инқирозга юз тутган, Ҳиротда эса, аксинча ривожланган, деган фикрни илгари суришган. В.Абдуллаев ўз тадқиқотида аниқ факт ва далиллар асосида 15-асрнинг 50-60 йилларида Самарқандда маданий-адабий муҳит анча жонлангани, аксинча Абусаид Мирзо давридаги Ҳирот зиддиятлар ўчоғига айланиб қолгани, шу боис, илм ва адабиёт намояндалари Ҳиротдан Самарқандга интилганларини исботлаб берган.

Устоз Воҳид Абдуллаев яратган “Навоий замонида Бухоро шеърияти”, “XIX асрда Бухорода навоийхонлик ва Навоий анъаналари”, “Навоий ва Коҳий”, “Навоий ва назира”, “Навоий ва Мунис”, “Алишер Навоий ва Атоулло Атойи”, “Навоий ва Бобур”, “Хамса шоирлар назмида” каби тадқиқотлари Алишер Навоий ижодининг кейинги даврлар ўзбек адабиётига таъсири масалаларини ёритишга бағишланган. Бу илмий ишларда бир томондан, Алишер Навоий анъаналарининг бошқа шоирлар томонидан изчил ривожлантирилганлиги масаласи ёритилган бўлса, иккинчи томондан адабиётимиз тарихида янги-янги, шоирларни кашф этиш, уларнинг ўз даврлари адабиётида тутган ўрнини аниқлаб бериш каби ғоят муҳим мақсадлар кўзда тутилган. Бу ишларнинг аксариятида адабиётимиз тарихи учун номаълум бўлиб келаётган фактлар қўлёзма манбалар асосида ўрганилган.

Бу устознинг давомчилари – Содиқ Мирзаев, Ботирхон Валихўжаев, Раҳмонқул Орзибеков ва бошқаларнинг тадқиқотларида ҳам Навоийнинг шахсияти, ижоди ва дунёқарашининг турли қирралари тадқиқ этилди. Шунингдек, Самарқанд навоийшунослик мактабида камол касб этиб, аммо Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги илмий марказларда фаолият олиб борган ва олиб бораётган олимлар ҳақида ҳам кўп ва хўб гапириш мумкин. Уларнинг бу соҳадаги изланишлари ва тадқиқотларини алоҳида эътироф этган ҳолда бемалол айтиш мумкинки, мустақилликдан кейин ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида кузатилгани каби Самарқанддаги навоийшунослик мактаби ҳам ривожланишнинг янги палласига қадам қўйди.

Навоий асарлари бўйича учта докторлик (М.Муҳиддинов, Ш.Сирожиддинов, Д.Салоҳий) ва бир нечта номзодлик диссертациялар ҳимоя қилинди, ўнлаб китоб ва монографиялар, ўқув қўлланма ва дарсликлар нашр этилди. Республика миқёсида навоийшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган турли илмий-амалий конференциялар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Самарқанд давлат университети филология факультетида “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” мавзусида фундаментал тадқиқот олиб борилди. Мазкур мавзуидаги лойиҳа доирасида 3 та мақолалар тўплами, 1 та дарслик, 2 та ўқув қўлланма, 7 та монография нашр этилди. Монографиялардан иккитаси Германиянинг “LAP LAMBERT” халқаро академик нашриётида нашр этилгани хориж мутахассисларининг навоийшунослик ҳақидаги қарашларининг янада тўлиқ бўлишига ҳисса қўшди. Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари томонидан қўлга киритилган илмий хулосалар илмий мақола ва тезислар шаклида республика ва халқаро илмий журналларда, илмий конференцияларда эълон қилинди.

Умуман, олганда, Самарқанд илмий мактаби навоийшунослик фанининг янада ривожланиши учун ҳал қилиш лозим бўлган вазифалар талай. Бу каби хайрли ишларни 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган “Академик Воҳид Абдуллаев ва Самарқанд адабиётшунослик мактаби тараққиёти” мавзусида республика илмий-амалий анжуманида баҳоли қудрат амалга ошириш учун фикрлашамиз. Зеро, бу вазифалар самарқандлик олимлар зиммасига янада кўпроқ заҳмат чекиш, илмий холислик мезонлари асосида янги-янги тадқиқотлар яратиш, шу тариқа бу шаҳарни том маънода жаҳон навоийшунослигининг асосий марказларидан бирига айлантириш вазифасини юклайди. Бу борада эса академик Воҳид Абдуллаев бошлаб берган илмий-амалий тадқиқотлар наф беради.

Муслиҳиддин Муҳиддинов,

Шароф Рашидов номидаги СамДУ профессори, филология фанлари доктори.