Самарқандда мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ доллари бўлган “Grand Swiss” халқаро шахмат мусобақаси ўтказилади

Унда дунёнинг энг кучли шахматчилари иштирок этиши кутилмоқда.

“Grand Swiss” турнири Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан ташкил этиладиган энг нуфузли мусобақалардан бири бўлиб, швейцарча форматда, 11 турдан иборат ҳолда ўтказилади.

Мусобақада жаҳон шахмат рейтингида юқори ўринларда турган шахматчилар қатнашади. Шунингдек, ФИДЕ президенти томонидан тавсия қилинган 4 нафар шахматчи ва турли халқаро мусобақалар ғолиблари учун махсус йўлланмалар ажратилади.

Ушбу мусобақа ҳар 2 йилда бир маротаба ўтказилиб, бундан асосий мақсад дунё шахмат рейтингида ТОП-100 га кирган кучли шахматчилар орасидан жами тўрт нафар (2 та эркак, 2 та аёл) ғолибларни жаҳон шахмат тожи учун ўтказиладиган “Талабгорлар” мусобақасига саралаб олишдан иборат.

Мазкур мусобақа бугунги кунга қадар 3 маротаба - 2019 йил Буюк Британиядаги Мэн оролининг Сантон шаҳрида, 2021 йилда Латвиянинг Рига, 2023 йилда Буюк Британиянинг Мэн ороли Дуглас шаҳарларида ўтказилган.

2023 йилда Дуглас шаҳрида ташкил этилган мусобақада 37 та давлатдан 164 (114 нафар эркак, 50 нафар аёл) нафар шахматчи иштирок этган. Жорий йилнинг 3-15 сентябрь кунлари ушбу турнир Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши ва унда 160 нафарга яқин етакчи шахматчи иштирок этиши кутилмоқда.

Мусобақа умумий мукофот жамғармаси 855 минг (эркаклар учун 625 минг, аёллар учун 230 минг) АҚШ долларини ташкил этади.

Open гуруҳидаги ТОП шахматчилар:

Аржун Эригаиси (Ҳиндистон)

Гукеш Д (Ҳиндистон)

Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон)

Рамешбабу Праггнанандҳаа (Ҳиндистон)

Алиреза Фироузжа (Франция)

Шунингдек Янн Непомниачтчи, Аниш Гири, Мамедяров, Арониан, Федосеев ва бошқалар.

Ўзбекистонлик иштирокчилар:

Нодирбек Абдусатторов

Жавоҳир Синдоров

Нодирбек Якуббоев

Шамсиддин Воҳидов

Гулруҳбегим Тоҳиржонова (аёллар бўлими).