Самарқанд сайқали рўйи замин аст
Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Жамолингни кўриб ким бўлмаган маст,
Ким қилич кўтариб келса қошингга,
Ниятлари қадар кетаверган паст.
Неча асрларким не-не юртлардан
Тавоф айламакка келгайлар шошиб.
Бир бор боқмоқ учун сенинг ҳуснингга,
Юраклар ҳаприқиб, юраклар тошиб,
Арслоннинг ўлиги ҳам арслон дерлар,
Ҳамон шуҳратингни кўтариб кўкка,
Тупроғинг тўлдириб ётибди шерлар,
Тириклар пойида тушарлар чўкка.
О, сенинг ерларинг бахт майдонидир,
Шоҳлар орзу қилган тахт майдонидир.
Ожиз, заифларга куч – қудрат берган,
Шиддат майдонидир, шахт майдонидир.
Соҳибқирон Темур сенга ишониб,
Бутун ер юзини мўлжалга олди.
Алишернинг йигит юраги ёниб,
Мангу муҳаббатинг назмга солди.
Самарқандни севиб, сайрагим келди,
Шаънига сўз излаб яйрагим келди.
Севгим чинлигига етса ҳам кўзим,
Унинг тасвифига етмади сўзим...
ТЎХТАМА, ОҲУНИ ҚУВЛАЁТГАН ШЕР
Самарқанддаги Шердор мадрасасининг пештоқига
оҳуни қувлаётган шернинг расми чизилган.
Боболар бир сирни билмай айтмайди,
Пештоқларга оддий суврат битмайди.
Йўлга тушган мардлар йўлдан қайтмайди,
Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер!
Берма қўрқоқларга, ярим – ёртига,
Ортидан тушганлар қайтмас ортига.
Бағрингдан ватан бер, қўйма юртига,
Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер!
Сен тутмасанг бўри тутиб олади,
Ёки бир бераҳм отиб олади,
Ҳеч қурса чангалзор туртиб қолади,
Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер!
Ғийбатлар жонини сўриб олмасин,
Илонлар қўйнига кириб олмасин,
Йўлида йўлсизлар туриб қолмасин,
Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер!
Бу кўнгил ишқ деган сирга асирдир,
Оҳулар ҳамиша шерга асирдир,
Ўзидан кучлига, зўрга асирдир,
Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер!
Бир нокас боғида гул бўлмоқ не наф,
Ёки бир қўрқоққа қул бўлмоқ не наф,
Шернинг чангалида ўлмоқ ҳам шараф,
Тўхтама, оҳуни қувлаётган шер!
БИБИХОНИМ
Не-не курашларга гувоҳ Самарқанд,
Сен танҳо, тахтингда минг шоҳ, Самарқанд.
Айтсанг-чи, кимларда гуноҳ Самарқанд,
Қийналди, қийналди, қийналди жоним,
Келинг ухламайлик, жон Бибихоним!
Мен олай Улуғбек, хун, ўчингни бер,
Темур бобом ўткир қиличингни бер,
Битта билакдаги сўнг кучингни бер
Бир тун шоҳ бўлмасам совумас қоним,
Бу тун ухламаймиз, жон Бибихоним!
Йиқилмоқ ўрнига қад кўтардингиз,
Асрларга ўзни ёд кўтардингиз,
Нафратми ё ишқми, дод кўтардингиз,
Аёл- эй, ўлмаган, тинмаган жоним,
Бу тун ухламаймиз, жон Бибихоним!
Мағрурлик сабоғи қандай бўлади,
Устангиз бир “сир”га нелар тўлади,
Бир “Занжирбанд шер” бор, барин билади,
Ҳадсиз саволларга тўла ҳар ёним,
Бу тун ухламаймиз, жон Бибихоним!
Мангулик минорлар кимнинг кўшкидир,
Наҳотки, Темурнинг буюк рашкидир,
Наҳотки, аёлнинг тенгсиз ишқидир,
Дилингми, дилимми қон Бибихоним,
Бу тун ухламаймиз, жон Бибихоним!
САМАРҚАНД
Карвонлар келарди карвон ортидан,
Чиннилар, шоҳилар ортишиб той-той.
Боғлари жаннатдан нусха кўчирган,
Егани бол бўлган, тишлагани мой.
Тиланмаган ҳеч ким дунёни, эркни,
Гадолар бой бўлган бу юртга келиб.
Боғбонининг қизи малика бўлган,
Чўрилар ой бўлган бу юртга келиб.
Аёлин ҳуснидан ой хижолатда,
Ақлига тан берган шоҳи, доноси.
Ҳеч қурса хон бўлган туққан ўғили,
Ҳечса, донишманднинг бўлган онаси.
Шоҳлари мард бўлган, юрт олар бўлса,
Бутун ер юзини олган мўлжалга.
Эрлари мард бўлган, гар севиб қолса,
Икки шаҳар берган бир дона холга.
Дунёни беш юз йил ўқитиб ётган,
Алишер бу юртга таҳсилга келган.
Мангуликдан мангу, шундай буюк зот.
Самарқандни азиз меҳроб деб билган.
Жаннат кўкартгани камдай тупроғи,
Кўксига мукаррам бошларни олган.
Жонин берсалар ҳам ўзга юртларда,
Шоҳларнинг жасади шунда кўмилган.
Бу тупроқда метин бардош бўлмаса,
Жаҳонгир Темурни қандай қучарди.
Балки Улуғбекнинг хаёли бирлан,
Юлдузларга томон қушдай учарди.
Бу тупроқда агар бўлмаса бир сир,
Хўжа Аҳрор Валий бош қўярмиди?,
Бибихоним йиғлаб, кўзига суртиб,
Орзуларин айтиб ёш қуярмиди?
Хизр назар солган, дуо кетган юрт,
Қўшиққа айланур ҳар азоб, ҳар гард.
Шу юрт деб яшасанг, ўлсанг арзийди,
Икки дунёда ҳам битта Самарқанд!
***
Самарқанд, хаёллар оғушидаман,
Куппа – кундуз ҳушман, беҳушман.
Қулоғимга шивирлар руҳлар,
Гоҳ зил – замбил, гоҳ енгил қушман.
Яраланган кўнгилнинг ипин
Улуғбекнинг исми тортади.
Тўлғанаман жисмимга сиғмай,
Кўзларимнинг ёши ортади.
Бобуршоҳнинг тўнини кийиб,
Тирик юрар соғинч деган дард.
Асрларнинг сирли эртагин,
Асраб келар кўҳна Самарқанд.
Темурнинг занг босган қиличи,
Манглайимда осиқ туради.
Қалин тортиб кетган қабрлар,
Юрагимга додлаб киради.
Кўринмайин ёниб ётар чўғ,
Муқаддасдир бунда ҳар қадам.
Бу йўллардан бир ўтиб кўргач,
Ҳайқирмасдан яшолмас одам.
Юрагимга қуйилар қўшиқ,
Эзгуликка айланар ҳар гард.
Овоз келар минг- минг қабрдан:
“Буюксан – эй, она Самарқанд!”